Марказий Осиё халқаро таълим форуми иштирокчиларига
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Сизларни азим Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро таълим форумининг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман.
Асрлар давомида бир минтақада яшаб келаётган Марказий Осиё халқлари бугунги кунда янада ҳамжиҳат бўлиб, кўплаб долзарб муаммоларни биргаликда ҳал этаётгани барчамизни албатта хурсанд қилади.
Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва амалий шериклик муҳити мустаҳкамланиб, минтақамиз жаҳон миқёсида кучли мавқега эга бўлиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Бу борада таълим бўйича ҳамкорлик ғоят муҳим экани, давлатларимизнинг келгуси тараққиёти шу соҳадаги интилиш ва ислоҳотларимиз самарасига боғлиқлигини барчамиз яхши тушунамиз.
Табиийки, биз таълим йўналишида ҳам буюк аллома ва мутафаккирларимиз меросига таянамиз. Бундай бой маърифий анъаналарни бугунги технологик давр талаблари билан уйғунлаштириш бўйича катта имкониятларга эгамиз.
Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё иқтисодиёти 2026 йилда 5,8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу минтақамиз жадал ривожланаётган ва юксак истиқболли ҳудудлардан бирига айланиб бораётганидан далолатдир.
Ҳеч шубҳасиз, қарийб 85 миллион аҳоли истиқомат қилаётган минтақамизнинг бебаҳо бойлиги бу – билимга чанқоқ, катта орзу-интилишлар билан яшаётган ёш авлодимиздир. Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл – сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир.
Қадрли форум қатнашчилари!
Биз Янги Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирганимиз албатта бежиз эмас.
Шу мақсад йўлида сарфланган ҳар бир сўм маблағни биз ёшларимиз келажагига, жамиятимиз фаровонлиги ва мамлакатимизнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлашга киритилган сармоя, деб биламиз.
Яқинда алоҳида Фармон қабул қилиб, мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқарувини ягона тизимга бирлаштирдик. Шу тариқа бошланғич билим ва тарбия олишдан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланиш давригача бўлган маърифий босқичларнинг узвий боғлиқлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Энди юртимиздаги ҳар бир бола, қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли таълим олиши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароитлар яратилади.
Бугунги кунда замон шиддат билан ўзгараётгани туфайли келгуси ўн йилда кўплаб касб-ҳунарларга муносабат ўзгаради, мутлақо янги ихтисослик ва мутахассисликлар пайдо бўлади.
Шундай экан, таълим тизими фақат тайёр билим бериш билан чекланмасдан, ёшларда мустақил фикрлаш, ижод қилиш, масъулиятни ҳис этиш ва бутун умр давомида янгиликка интилиб, ўрганиб яшаш кўникмаларини ҳам шакллантириши зарур.
Бунинг учун ўқитувчи ва мураббийларнинг ролини ошириш, таълимнинг маъно-мазмунини янгилаш, ёшларни меҳнат бозорида талаб катта бўлган касб-ҳунарларга йўналтириш, мактаб, техникум, университет ва ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор эътибор қаратамиз.
Айниқса, қизлар, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги болалар, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга адолатли ва инклюзив жамият барпо этишнинг муҳим шарти деб қараймиз.
Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетларни илмий ихтиро ва ишланмалар марказига айлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим вазифамиздир.
Албатта, глобал муаммоларга якка ҳолда ечим топиш қийин.
Сув ва энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, меҳнат бозоридаги технологик ўзгаришлар билим ва имкониятларимизни бирлаштиришни талаб этади.
Шу боис университетлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни кўпайтириш, талаба ва олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият беришимиз керак.
Бизнинг бу соҳадаги стратегик мақсадимиз – Марказий Осиёни ўзаро ишонч ва дўстлик диёрига, илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдир.
Ушбу анжуманда ана шу эзгу мақсадга хизмат қиладиган кўплаб янги ғоялар, амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилади, деб ишонаман.
Сизларни яна бир марта самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, Форум ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти