Қонликўлда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати қандай?
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Қонликўл тумани соғлиқни сақлаш муассасаларига пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир иштирокчилари туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, туман тиббиёт бирлашмасида ҳозирги кунда 136 доимий ўринга эга шифохона, 1 та кўп тармоқли поликлиника, 4 та оилавий поликлиника, 4 та оилавий шифокорлик пункти, шунингдек, олис қишлоқларда 10 дона тиббиёт пункти (контейнерлар) ва маст ҳолатдаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти фаолият олиб бормоқда. Шундан 99 нафар олий, биринчи ва иккинчи тоифали шифокор, 522 нафар ўрта бўғин, 138 нафар кичик тиббиёт ходими ҳамда 107 нафар бошқа ходим туманнинг 54 минг нафардан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бирлашма ва унга қарашли кўп тармоқли поликлиника, оилавий поликлиника ҳамда оилавий шифокорлик пунктларига тўлиқ локал тармоқлар тортилиб, DMED электрон платформа ишга туширилди. Жорий йил 1 апрель ҳолатига электрон платформа базасига 54 минг 346 нафар аҳолидан 47 минг 760 нафари ёки 87,9 фоизи бириктирилган. Шундан ўтган уч ой давомида 130 минг 282 нафар фуқаро ушбу тизим орқали шифокор қабулидан ўтказилди.
[gallery-28883]
Бундан ташқари 1 минг 143 нафар бемор MISS2.SSV.UZ электрон платформаси асосида даволанди. Мамлакатимизда амалиётга татбиқ этилаётган Реимбурсация дастури асосида 6 минг 856 та, оддий рецепт асосида 8 минг 284 та электрон рецепт берилди.
Жорий йилнинг уч ойи давомида бирлашма болалар бўлимига “Меҳрибон инсонлар” жамғармаси ва халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари асосида “Болалар дам олиш ва физиотерапия хонаси” ташкил этилди.
– Ҳар бир чақалоқ ўлими оналар ва болалар ўлимига қарши курашиш штаби мажлисда кўриб чиқилиб, тегишлилиги бўйича ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди, – дейди Қонликўл туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дариха Бекбергенова. – Ўтган йил давомида оналар ўлими ҳисобга олинмади.
Касалликларни эрта босқичда аниқлаш мақсадида 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик, шу жумладан, 3-18 ёшли болалар ўртасида гематоонкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг кўриклари, 2-10 ёшли болалар ўртасида гельминтозга қарши текширувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, 45-65 ёшли аёлларда сут бези саратони, 35-55 ёшли аёлларда бачадон бўйни саратони касалликларининг олдини олиш мақсадида скрининг кўриклар режа асосида олиб борилмоқда ва аниқланган касалликлар туман, республика даражасида амбулатор ва стационар шароитларда соғайтирилмоқда.
Бундан ташқари 3-18 ёшли болалар орасида гематоонкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича 4 минг 193 нафар бола скрининг текширувидан, 2-10 ёшли 2 минг 443 нафар бола гельминтозга қарши текширувдан, 18-40 ёшгача бўлган 4 минг 522 нафар фуқаро оилавий шифокор томонидан профилактик кўрикдан ўтказилди. 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 3 минг 195 нафар фуқаро скрининг текширувидан ўтказилди.
Жарроҳлик бўлимига нейрохирургик асбоблар тўплами, жарроҳлик хонаси учун анестезия қилишга мўлжалланган ва электр токи билан ишловчи жарроҳлик столи, туғруқ бўлимига янги туғилган чақалоқлар учун электрон ўлчагич, ҳомиладор аёлларга мўлжалланган ҳамда вакуум-экстракция асбоблари тўплами билан таъминланди.
Пресс-тур якуни бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва келгусидаги режалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.