Коррупцияга қарши курашишда маҳаллий Кенгашларнинг роли ортади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган — халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда ҳудудларнинг ижтимоий, иқтисодий ривожланишида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг ўрни ва иштироки кенгайиб бормоқда.

Ушбу ҳужжат билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлиги янада оширилади. Қонун лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш фаолиятига раислик қилиши таклиф этилмоқда.
Ушбу норма коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини мустаҳкамлайди. Ҳудудларда коррупцияга қарши курашишда маҳаллий Кенгашларнинг роли ва таъсирини кучайтиради.
Лойиҳа билан маҳаллий Кенгашларнинг бошқа ваколатлари фақат қонун ҳужжатлари билан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА