Қон топшириш — эзгулик ва инсонийлик мезони
14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни
Ҳар йили 14 июнь санаси жаҳон миқёсида Бутунжаҳон донорлар куни сифатида нишонланади. Бу сана миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда беқиёс ҳисса қўшаётган ихтиёрий донорларга чуқур эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, беғараз донорликнинг инсоният саломатлиги учун ҳаётий зарурлигини яна бир бор англаш фурсатидир. Мазкур куннинг таъсис этилиши тарихи 1900 йилда қон гуруҳларини кашф этган ва бунинг учун Нобель мукофотига сазовор бўлган австриялик олим Карл Ландштайнернинг туғилган куни билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у инсонлар ўртасидаги қон алмашинуви борасидаги тиббий инқилобнинг асосчиси ҳисобланади.
Бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 118 миллиондан ортиқ қон топшириш ҳолати қайд этилса-да, ривожланаётган давлатларда донорлик қонига бўлган эҳтиёж ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Инсон ҳаётини сақлашда қоннинг ўрнини босувчи сунъий воситаларнинг йўқлиги ва қоннинг фақатгина тирик организмдан олиниши мумкинлиги донорлик ҳаракатини глобал миқёсда стратегик аҳамиятга эга соҳага айлантирди.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ихтиёрий ва текин донорлик тизимига ўтган мамлакатларда хавфсиз ва сифатли қон захирасини шакллантириш кўрсаткичлари сезиларли даражада юқори. Хусусан, Германия, Япония ва Скандинавия давлатларида донорлик маданияти жамиятнинг ижтимоий масъулияти сифатида шаклланган бўлиб, у ерда ҳар 1000 нафар аҳолига тўғри келадиган донорлар сони ЖССТ тавсия этган мезонларга тўлиқ жавоб беради.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда донорлик ҳаракатини ривожлантириш, аҳоли орасида беғараз донорликни тарғиб қилиш ва қон хизмати муассасалари моддий-техник базасини тубдан янгилаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигига оид ҳужжатлар соҳада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаб, донорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлаётир. Бугунги кунда Республика қон қуйиш маркази ва ҳудудий муассасаларда замонавий скрининг ускуналари орқали олинаётган қон сифати ва хавфсизлиги халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.
Шунга қарамай, соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Энг долзарб масалалардан бири — аҳоли ўртасида, хусусан, ёшлар орасида беғараз донорликка бўлган нотўғри қарашларни ўзгартириш ва донорликни оммалаштиришдир. Кўпчилик ҳали ҳам қон топширишнинг инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақидаги асоссиз миш-мишларга ишонади. Тиббий кузатувларга кўра, мунтазам равишда қон топшириш организмни янгилаш, қон айланиш тизимини фаоллаштириш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юз берганда зарур бўладиган қон захирасини тўплаш учун донорларнинг базавий рўйхатини кенгайтириш ва улар билан доимий алоқада бўлиш тизимини янада мукаммаллаштириш талаб этилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар бир донорнинг ўз вақтида қон топшириши — кимдир учун ҳаёт бахшида этиш, оғир хасталикка чалинган бемор, жабрланган инсон ёки туғруқ жараёнида мураккаб вазиятга тушиб қолган она учун умид чироғи бўлиб хизмат қилади.
Шундай экан, ҳар бир томчи қон — бу сақлаб қолинган ҳаёт, тикланган умид ва оилаларга қайтарилган қувонч бўлишини англаган ҳолда, жамиятда донорлик маданиятини юксалтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Моҳигул Қосимова, ЎзА