Бизнес-тренинг бўлиб ўтди
Нукусда “Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан “German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation” ташкилоти билан ҳамкорликда “Фермер хўжалиги бизнес ўйини” ва “Микро бизнес ўйини” номли 3 кунлик бизнес семинар-тренинг ўтказилди.
Ундан кўзланган мақсад, тадбиркорона фикрлаш ва ҳаракат қилишни, микрофирмаларнинг қийинчиликлари ва имкониятлари ҳамда уларга қандай муносабатда бўлишни, бухгалтерия ҳисоби ва назорат қилишнинг асосий тамойилларини ўргатишдан иборат. Шунингдек, иштирокчилар мижозларни тушуниш ва маркетинг бўйича асосий билимларни ривожлантириш, бозор динамикаси ва рақобат, микромолия ташкилотлари ва мижозлар ўртасидаги кўникмаларини шакллантириш бўлиб ҳисобланади.

– “Ўзбекистонда аграр секторни кучайтириш ва етарли молиявий хизматларни кўрсатиш орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Бизнес режа тузиш ва банк суҳбатларини ўтказиш”, “Микро фирма тузиш бизнес уйини” ва “Фермер хужалиги бизнес уйини” номли ўқув-семинарлари орқали Оролбўйидан шу кунгача минг нафардан ортиқ ёш ҳамда хотин-қиз билим ва кўникмаларини оширди, – дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими раҳбари Назира Елибаева. – Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлигининг (BMZ) молиявий кўмагида Нукус шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Дўстлик уйи”да ёшлар ва хотин-қизлар учун ташкил этилган бизнес ўқув маркази муҳим аҳамият касб этмоқда.

Замонавий мебель ҳамда техник жиҳозлари билан таъминланган ушбу ўқув хонаси минтақадаги тадбиркорликка қизиққан ёшларни ва хотин-қизларнинг молиявий, иқтисодий ва тадбиркорлик билимларини оширадиган семинарлар, тренинглар ўтказиладиган, мураббийлар тайёрланадиган масканга айланмоқда. Шу билан бирга “Дўстлик уйи”да жойлашган Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан республика миқёсида ўтказилаётган тадбирлар учун хизмат қилади.
Ўқув тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида барча ўқув материаллари ва жиҳозлари билан дала семинарлари, очиқ осмон остида турли форматдаги тадбирлар ўтказиш мақсадида “German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation” ташкилоти томонидан “Тадбиркор аёл” ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимига 1 та Дамас русумли ўқув автотранспорт воситаси тақдим этилди.
Семинарлар давомида иштирокчилар молиявий билимларни ошириш ва ўз бизнесини бошқариш, янги бизнес имкониятларни аниқлаш ва маҳсулотлар билан танишиш, бозорни зарур инвестициялар билан кенгайтириш ҳамда даромадни ошириш юзасидан кўникмаларга эга бўлишди. Шунингдек, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги тадбиркорларининг саводхонлигини ошириш, шу орқали уларнинг молиядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.
Семинар-тренингни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА