Қизилтепалик фермерлар вилоятда биринчи
Қизилтепалик фермерлар Навоий вилоятида биринчи бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, ғаллачилик тармоғини модернизация қилиш, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва кластер тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилмоқда.
Туманда 256 нафар фермер жорий йил ҳосили учун 8 минг 569 гектар ер майдонига бошоқли дон экишиб, парваришлади. Гарчи об-ҳаво шароити ноқулай кечган бўлсада, туманда ғалла тез фурсатларда ўриб, йиғиштириб олинди. Натижада улар улкан хирмон яратиб, ўз олдиларига қўйган режани бажарди.

Албатта, давлатимиз раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ғалла етиштириш бўйича илғор тажрибалардан унумли фойдаланиш, соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шу билан бирга ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганлиги далаларда мўл ҳосил етиштиришга замин ҳозирлади.

“Ғолиб”, “Қурбон Латиф”, “Ўртачўл юлдузи 2018”, “Валиобод”, “Сафаробод боғи”, “Истам Карол”, “Ванғози Агро экспорт”, “Аҳмад Намоз”, “Фахриддин Ойбек”, “Фармонбобо неъмати”, “Косагарон орзуси”, “Шавкат”, “Сардор Сулаймон жасорати”, “Қаҳрамон замин саховати”, “Қарсиямон баракали ҳосили”, “Хонзурун оқшоми” ва “Қўлба пахтакори” фермер хўжаликлари ҳар гектаридан 80-100 центнердан ортиқ ҳосил олишга эришди.

Эришилган муваффақият замирида фермер ва деҳқонлар билан бир қаторда агрономлар, сувчилар, механизаторлар, комбайн ҳайдовчилари, кластер мутахассислари ва бошқа соҳа ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Уларнинг ҳамжиҳатлиги ва масъулияти туфайли ўрим-йиғим ишлари қисқа муддатда ва сифатли ташкил этилди.
Айни кунларда эса туманда ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири