Халқаро илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Гулистон давлат педагогика институтида Хитой Халқ Республикасининг Чжэцзян вилоятидаги Wenzhou Vocational College of Science and Technology таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларидан иборат делегациянинг ташрифи доирасида икки томонлама илмий ва академик ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Ушбу ташриф Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда институт раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ишчи сафари давомида таълим, илм-фан, инновациялар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди.

Саккиз нафар профессор-ўқитувчидан иборат меҳмонлар дастлаб институтда талабалар учун яратилган замонавий таълим муҳити, рақамли инфратузилма ва илмий-амалий имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Ўқув аудиториялари, амалий машғулот хоналари, ахборот-ресурс маркази ҳамда талабаларнинг илмий ва ижодий фаолияти учун яратилган шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Учрашувлар давомида делегация аъзоларига институтнинг таълим йўналишлари, илмий-тадқиқот фаолияти ва халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, кафедралар фаолияти, ўқув дастурлари мазмуни ва академик жараёнларни такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ташрифнинг энг муҳим натижаси сифатида Wenzhou Vocational College of Science and Technology ва Гулистон давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Мазкур ҳужжат таълим, илмий-тадқиқот ишлари ва академик мобиллик соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади.
Келишувга мувофиқ, томонлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро конференция ва семинарларда иштирок этиш ҳамда илғор педагогик тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича келишиб олдилар.

Меморандум имзолангандан сўнг, икки муассаса вакиллари ўзаро эсдалик совғалари алмашиб, дўстона муносабат ва ўзаро ҳурмат руҳини яна бир бор намоён этишди.
Ташриф доирасида меҳмонлар институтнинг тажриба майдони фаолияти билан ҳам танишдилар.Уларга бу ерда етиштирилаётган манзарали ўсимликлар, донли ва мойли экинлар, уларнинг биологик хусусиятлари ҳамда агротехнологик жараёнлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, манзарали ўсимликларни кўпайтириш, жўхори, маккажўхори ва буғдойнинг истиқболли навлари, шунингдек, кунгабоқар ва махсар каби мойли экинлар бўйича олиб борилаётган илмий ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Хитойлик олимлар тажриба майдонларидаги илмий ёндашувлар ва инновацион агротехнологияларни юқори баҳолаб, бу йўналишда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш имкониятлари мавжудлигини таъкидладилар.

Учрашувлар якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва академик мобиллик дастурларини кенгайтириш бўйича келишувлар мустаҳкамланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА