Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича бизнес тренинглар ташкил этилмоқда
Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш йўналишида халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик жадаллашяпти. Жумладан, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ана шундай йирик ташаббуслардан бири, “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимлари ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳасидир.

Куни кеча ушбу лойиҳа доирасида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Бухоро вилоятининг Жондор туманида “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун қиймат занжирларини яратиш” мавзусида бизнесни ривожлантиришга қаратилган тренинг ўтказди.
Мазкур семинарда иштирокчиларга брендинг, бозор позициясини мустаҳкамлаш ва қўшимча қиймат яратиш бўйича зарур билим ва кўникмалар берилди. Бу рақобатбардош ва барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади.

– Қиймат занжирларини мустаҳкамлаш ишлаб чиқарувчилар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Амалий тренинглар орқали фермер ва тадбиркорлар қўшимча қиймат яратиш, бозорларга чиқиш ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш имкониятига эга бўлади, – деди лойиҳа миллий координатори Наримон Нишонов.

ФАО ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, тренинг фермерлар дала мактаби ёндашуви асосида ташкил этилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжларига мос амалий билимларни тақдим этди.
Навбатдаги тренинг Навоий шаҳрида ўтказилади ва ҳудудлар бўйлаб билим алмашиш, қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА