Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди (+видео)
Россияда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетиши, Эрондаги урушнинг Ҳиндистоннинг сув нархларига таъсири, АҚШнинг Теҳрондаги Б1 кўпригига авиазарба бериши, Кубада 2000 дан ортиқ маҳбуснинг озод қилиниши, Ироқнинг Сурия орқали нефть экспортини бошлаши, Тожикистонда озиқ-овқат нархлари «мисли кўрилмаган даражада» ошиши ва Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотларининг вақтинча тўхтатилиши дунёда хавфсизлик, энергетика, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда муҳим воқеалар сифатида қайд этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4LxuxcU0arY" title="Qirg`izistonda Rossiya qiruvchi samolyotlarining mashg`ulotlari to`xtatildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Россияда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди
Россиянинг Уляновск вилоятида 3 апрель куни Москва—Челябинск йўналишидаги йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Таркибдаги 15 та вагондан 7 таси издан чиққан, поездда 415 нафарга яқин йўловчи бўлган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаган, 22 киши жароҳатланган, улардан икки нафари суяк синиши билан шифохонага ётқизилган, қолганларида енгил тан жароҳатлари аниқланган. Тезкор хизматлар жалб қилинди ва темирйўл участкасида ҳаракат тўхтатилди, ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.
Эрондаги уруш Ҳиндистонда сув нархини ошириши мумкин
Эрондаги уруш Ҳиндистоннинг 6 миллиард долларлик қадоқланган сув саноатига босим ўтказмоқда, ишлаб чиқарувчилар хомашё етишмовчилиги билан юзлашмоқда. Март ойида бозор етакчиси Бислери сув нархини 11 фоизга оширди, бошқа брендлар ҳам шу йўлни тутди. Аҳолининг муҳим қисми ичимлик суви учун қадоқланган маҳсулотларга таянади, ёзда талаб кескин ортади, асосий муаммо нефть нархининг ошиши билан боғлиқ бўлиб, у пластик идишлар ишлаб чиқаришга таъсир қилади.
АҚШ Теҳрондаги кўприкка авиазарба берди
АҚШ ҳарбийлари Эрон пойтахтидаги Теҳронни Караж билан боғловчи Б1 кўпригига авиазарба берди. Ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 95 киши жароҳатланди, кўприк эса жиддий шикастланган. Эрон расмийлари қурбонлар яқин ҳудудда Наврўзни нишонлаган фуқаролар эканини билдирди, АҚШ зарбани ҳарбий таъминот йўлларини узишга қаратилганини маълум қилди, Эрон ТИВ эса бундай зарбалар мамлакатни таслим эта олмаслигини таъкидлади.
Куба 2000 дан ортиқ маҳбусни озод этади
Куба ҳукумати инсонпарварлик ва суверен ният асосида 2010 нафар маҳбусни озод этишга қарор қилди. Озод этиладиганлар орасида чет эл фуқаролари, ёшлар, аёллар ва 60 ёшдан ошганлар бор. Қарор «Муқаддас ҳафта» диний байрамлари доирасида қабул қилинган ва жиноий адлия тизимида анъанавий амалиёт сифатида баҳоланади. Номзодлар жиноят тури, қамоқхонадаги хулқи, жазо муддатининг катта қисмини ўтагани ва соғлиғи ҳолатига қараб танлаб олинган.
Ироқ нефтни автотранспортда экспорт қилишни бошлади
Уруш ва Ҳормуз бўғозининг ёпилиши фонида Ироқ Сурия ҳудуди орқали юк машиналарида хом нефть экспортини бошлади. Нефть экспортига юқори даражада боғлиқ мамлакат учун бу муқобил йўналиш заруратга айланди. Дастлабки босқичда режалаштирилган 299 та юк машинасидан 178 таси Банияс портига етиб борган, у ерда нефть терминалда туширилиб, кейинчалик танкерлар орқали экспорт қилинади. Сурия томони юкларнинг хавфсиз ўтишини таъминлашини билдирган.
Тожикистон президенти озиқ-овқат нархлари «мисли кўрилмаган даражада» ошишидан огоҳлантирди
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон экспертлар таҳлилига таяниб, жорий йилда озиқ-овқат нархлари мисли кўрилмаган даражада ошиши мумкинлигини маълум қилди. У бу жараённи дунёдаги сўнгги воқеалар, иқлим ўзгариши ва уларнинг салбий оқибатлари билан изоҳлади. Раҳмон фермерларни баҳорнинг ҳар бир имкониятидан самарали фойдаланишга чақирди ва сув ҳамда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили эканини таъкидлади.
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
Қирғизистон Мудофаа вазирлиги 31 март куни Кант авиабазасида содир бўлган воқеадан сўнг Россия қирувчи самолётларининг ўқув-машғулот парвозларини тўхтатди. Машғулот чоғида Су-25 самолёти тасодифан иккита ўқув снарядини ташлаб юборган. Қурбонлар ва вайронагарчилик бўлмаган, аммо бўш снарядлар ерга тушган. Ҳодиса сабаблари аниқлангунга қадар машғулотлар тўхтатилди ва текширув бошланган, Россия Ҳаво-космик кучлари махсус комиссия юборишга қарор қилган.
Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА