Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама ҳамкорликка кучли туртки беради
18-19 июль кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлади. Бу Садир Жапаровнинг сўнгги уч йил ичида давлатимизга амалга оширган иккинчи ташрифи бўлади.
Ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муваффақиятли нишонланди. Бу даврда икки томонлама ҳамкорлик турли синовлардан ўтди ва бу давлатларнинг ўзаро муносабатларига жиддий тўсқинлик қилди.
Бироқ, 2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши натижасида муносабатларда туб бурилиш юз берди. Мамлакатлар қисқа вақт ичида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар чигалини ечишга муваффақ бўлди ва алоқаларнинг ривожланиши янги ижобий динамика олди. 2017 йилда муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Садир Жапаровнинг Қирғизистон Президенти этиб сайланиши кейин ҳам икки томонлама алоқалар изчил ривожланишда давом этди ва 2023 йилда мисли кўрилмаган юксак даражага – кенг қамровли стратегик шерикликка эришди.
Давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этишда жиддий ютуқларга эришиш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш мумкин бўлди.
Давлатлараро кескинлик омили бўлган кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, биринчи навбатда, чегара муаммолари ҳал этилди, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича самарали мулоқот бошланди.
Халқларимиз эришилган натижаларни аллақачон ҳис қилмоқда. Бугунги кунда Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида 20 дан ортиқ назорат-ўтказиш пунктлари мавжуд бўлиб, бу Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмаган. Натижада, 2022 йилда рекорд даражадаги халқларимизнинг ўзаро ташриф алмашинуви қайд этилди - 12,4 миллион киши, яъни кунига 35 минг киши, 2016 йилда ҳар куни атиги 3 минг киши чегарани кесиб ўтган ва йилига жами 1,2 миллион киши.
Олий даражадаги мунтазам алоқалар, шунинг билан бир қаторда ҳукуматлараро, парламентлараро, идоралараро сиёсий мулоқотлар қўшма ҳамкорликларининг моҳияти ва мазмунини чуқур ўзгартиришга туртки берди.
2017 йилда саккиз йиллик танаффусдан сўнг томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклади. Унинг ўзига хослиги шундаки, бевосита бош вазирларнинг ўзлари томонидан мувофиқлаштирилади.
Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ривожининг яна бир муҳим омили парламентлараро алоқалардир. 2017 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жогорку Кенеши ўртасида меморандуми имзоланган эди. Шунингдек, парламентлараро комиссия тузилди.
Чегара ҳудудларида яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йилда ҳеч бир давлатда ўхшаши бўлмаган ноёб механизм – Чегараолди вилоятлари ҳокимлари кенгаши ташкил этилди. Ушбу платформа томонларнинг биргаликда ишлаш ва барча баҳсли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш имкониятини берди.
Конструктив ҳамкорликни ривожлантиришда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги фаол алмашинувлар алоҳида ўрин тутди. Ушбу йўналишда мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда, унда томонлар икки томонлама ва минтақавий муносабатларнинг деярли барча долзарб масалалари бўйича ўз фикр алмашинилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Кучли савдо-иқтисодий алоқалар Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини чуқурлаштиришнинг асосий омили ҳисобланади
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик юқори динамика ривожланмоқда, шунингдек юксалишнинг катта истиқболларини намойиш этмоқда.
2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард долларга яқинлашди, бу 2016 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўпдир. Натижада ўтган йили Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари ўнталигига кирди.
Шу билан бирга, яқин йилларда унинг турларини диверсификация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш учун барча асослар ва энг муҳими, қатъий ниятлар мавжуд.
Албатта, иқтисодий муносабатларнинг бундай юқори кўрсаткичлар билан ривожланиши кейинги йилларда яратилган янги икки томонлама институционал механизмлар ва иқтисодий ҳамкорлик форматлари туфайли содир бўлди.
Бу борада 2021 йилда ишбилармон доираларга фаол мулоқот ўрнатишга кўмаклашиш, шунингдек, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасидаги Ўзбекистон-Қирғизистон ишбилармонлар кенгаши алоҳида ўрин тутади.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил январь ойида Қирғизистонга давлат ташрифи давомида Саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш тўғрисидаги битим, шунингдек Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилувчи қўшимча омил бу ҳудудлараро ҳамкорликдир. Бу борада 2023 йил январь ойида Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.
Шунингдек, аниқ амалий натижаларга қаратилган чора-тадбир режалари қабул қилинадиган доимий бизнес-форумлар ўтказилиши ҳам катта ҳисса қўшмоқда. 2023 йил январь ойида Бишкекда бўлиб ўтган сўнгги бизнес-форум давомида 1,6 миллиард долларлик йирик шартномалар тўплами имзоланган эди.
Бундан ташқари, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 2021 йилда устав капитали 50 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон Тараққиёт жамғармаси ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унинг устав капитал қиймати 200 миллион долларга етказиш назарда тутлиган.
Қисқа муддат ичида жамғарма томонидан эълон қилинган 50 миллион долларнинг 35 миллиони ўзлаштирилиб, аниқ ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди. Ўзбек автосаноатидан техника, жумладан, чекка қирғиз қишлоқларига уй-жой коммунал махсус техникаларни етказиб бериш, Қирғизистон дарёларида кичик гидроэлектр станциялар қуриш шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон бир-бирларига нафақат ўз бозорларини очиб беришмоқда, балки импортга қарамликни камайтириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрмоқда.
Рақобатли устунлик жиҳатлар ва иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириши имкониятларидан фойдаланган ҳолда томонлар саноат кооперациясини йўлга қўйиб, нафақат минтақада, шунгдек хориж мамлакатлар бозорларида ҳам талаб юқори бўлган юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришни фаол ривожлантирмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 2016 йилдан буён 50 тадан 267 тага яъни 5 баробардан кўпроқ ўсди. Бундан ташқари, умумий қиймати 550 миллион доллардан ортиқ 60 та лойиҳани ўз ичига олган саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг йўлга қўйилган механизмлари ўз самарадорлигини намоён этиб, икки мамлакат халқларининг фаровонлиги ва барқарор ривожланиши йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш имконини бермоқда.
Шунга қарамай иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, келгусида савдо чекловларини олиб ташлаш ва тўлиқ эркин савдо зонасини яратиш учун ўзаро ҳамкорликни яқиндан мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш амалиётини давом эттириш зарур.
Транспорт-энергетика салоҳиятининг синергияси Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларида муҳим устувор йўналиш ҳисобланади
Сўнгги йилларда икки мамлакатнинг минтақавий аҳамиятга молик транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш соҳасидаги ҳамкорлиги стратегик аҳамиятга эга бўлди.
Шуни таъкидлаш керакки, июнь ойида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича тарихий келишувга эришилди. Лойиҳа ўз қарорини 25 йилдан ортиқ кутган.
Ушбу лойиҳа амалга оширилса, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқишни таъминлайди ва иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Хитойни минтақамиз билан боғловчи хавфсиз ва энг қисқа транспорт йўлакларини ривожлантириш Марказий Осиёга Евроосиёнинг бир қатор стратегик муҳим ҳудудларини боғловчи ўзига хос «дарвоза» ва қуруқликдаги кўприк вазифасини ўташ имконини беради.
Эътиборлиси, лойиҳа аллақачон нуфузли институтлар томонидан халқаро эътирофга сазовор бўлган. Хусусан, Евроосиё тараққиёт банки 2024 йилги ҳисоботида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл йўналишини Евроосиё транспорт тизимини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мумкин бўлган муҳим йўналиш сифатида таъкидлади.
Июнь ойда яна бир муҳим воқеа – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича уч томонлама шартнома имзоланди.
Бу Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун энергия ва сув ресурсларини биргаликда ривожлантиришга қаратилган кўп қиррали минтақавий лойиҳадир.
Лойиҳанинг амалга оширилиши минтақавий энергетика барқарорлигини ошириши ҳамда Марказий Осиё давлатларининг мустақил равишда йирик қўшма лойиҳалар яратиш борасидаги сиёсий иродаси ва қобилиятини бутун дунёга намойиш этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, уч давлат ўртасидаги бундай ҳамкорлик хорижий сармояларни жалб этиш ва тоза энергия маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва кейинчалик учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш имконини беради.
Шу тарзда, юқоридаги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш Марказий Осиёнинг энергетика ва транспорт ландшафтини тубдан ўзгартириш, минтақавий ўзаро боғлиқлик рамзига айланиши кўзда тутилган.
Маданий-гуманитар мулоқот – ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларининг асоси
Умумий тарих, ўшаш маънавий қадриятлар, шунингдек, кўп асрлик яқин анъаналарга асосланган бой маданий-гуманитар алоқаларнинг мавжудлиги Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги табиий кўприк бу икки давлатда яшовчи жамоалардир. Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ қирғиз истиқомат қилади, олтита қирғиз маданият маркази ва 50 дан ортиқ таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мактаблар мавжуд. Андижон педагогика университетида қирғиз филологияси факультети фаолият юритади.
Ўз навбатида, Қирғизистонда ўзбеклар умумий аҳолининг 15 фоизини ташкил қилади ва республикада қирғизлардан кейин энг катта этник гуруҳ ҳисобланади.
Қирғизистонда кейинги йилларда ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг таълим ва маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Шундай қилиб, 2023 йилда Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди, Ўш шаҳрида Бобур номидаги Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг таъмирланган биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам мунтазам равишда маданий алмашинув ва тадбирларда ўзаро иштирок этиш яхши анъанага айланган.
Ҳар йили санъат кунлари, кино кунлари, миллий байрамлар, форумлар, университетлараро конференциялар, илмий симпозиумлар ва бошқалар ўтказилади. 2023 йил декабрь ойида атоқли қирғиз ёзувчиси ва мутафаккири Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан Тошкентда «Икки халқнинг суюкли ўғли» рамзий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга жиддий туртки берди. 2023 йил октабр ойида Ўш шаҳрида 180 нафар университет ректорлари ва икки давлатнинг бошқа йирик таълим ташкилотлари вакиллари иштирокида университет ректорларининг биринчи халқаро форуми бўлиб ўтди.
Ўша йилнинг ноябрь ойидаёқ Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Чингиз Айтматов номидаги қирғиз тили ва маданияти маркази ташкил этилди.
Бундан ташқари, яратилган қулай шароитлар туфайли туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб фуқароларимиз чегарадан ички паспорт билан ўтмоқда, товарлар ва одамларнинг ўтиш вақти мисли кўрилмаган 8 дақиқага қисқарди.
Шу билан бирга, Тошкент-Бишкек йўналишида мунтазам қатновлар йўлга қўйилиб, Тошкентни Тамчи билан, Фарғонани Сўх билан боғловчи ҳаво қатновлари йўлга қўйилди.
2023 йилда Қирғизистонга 5 миллион Ўзбекистон фуқароси ташриф буюрди ва бу мамлакатимизни Қирғизистон томони учун туризм соҳасида биринчи рақамли ҳамкорга айлантирди. Фуқароларимиз Қирғизистоннинг диққатга сазовор жойларини, биринчи навбатда, «қирғиз гавҳари» – Иссиқкўлнинг йирик кўлига ташриф буюришни афзал кўрадилар.
Айни вақтда Ўзбекистонга Қирғизистондан 1,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Қадимий Бухоро, Хива, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари қирғиз саёҳатчиларида катта қизиқиш уйғотади.
Умуман олганда, икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Бу ҳолат нафақат ўз самарасини бермоқда, балки ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни ҳам очмоқда.
Шу билан бирга, ўзаро туристик алмашинувларни кўпайтириш учун ҳали амалга оширилмаган салоҳият мавжуд бўлиб, бундан қўшма туристик маршрутлар, маҳсулотлар ва брендларни яратиш орқали фойдаланиш мумкин.
Шундай қилиб, сўнгги йилларда ўзбек-қирғиз муносабатларининг бутун мажмуасини ривожлантиришнинг ижобий динамикаси Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама ҳамкорликка кучли туртки бўлиб, ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштиришга асос бўлади.
Азамат Сулиманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бўлими бошлиғи
Қаҳрамон Аллаберганов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ етакчи илмий ходими