Қирғизистон Эрондаги элчихонасини вақтинча ёпди
Қирғиз Республикасининг Эрондаги элчихонаси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб хабар бермоқда “Кабар” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, ушбу қарор минтақадаги вазият билан боғлиқ эҳтиёт чораси сифатида изоҳланмоқда.
Расмий баёнотда Эронда бўлиб турган Қирғизистон фуқароларига эҳтиёткорлик чораларини кўришлари, шахсий хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишлари, гавжум жойлар ва хавфли ҳудудлардан узоқроқ бўлишлари ва маҳаллий ҳокимият органлари талабларига қатъий риоя қилишлари сўралган.
Шунингдек, фуқароларга доимо шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ёнида олиб юриш, расмий ахборот манбаларини мунтазам кузатиб бориш тавсия қилинган. Вазирлик фуқароларни ҳозирги шароитда Эронга сафар қилишдан вақтинча воз кечишга чақирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА