Қиличбозларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди. Мусобақа 9 апрель кунига қадар давом этади.
Чемпионатда дунёнинг 62 давлатидан келган 300 нафар қиличбозлар сабля, рапира ва шпага йўналишлари бўйича ўзаро рақобатлашади. Қувонарлиси, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Ёрқинжон Йўлдошев ҳамда жамоа менежери Халилулло Шарипов раҳбарлигида қуйидаги спортчилар юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда:
Сабля йўналиши: Наргиза Жаксибаева, Аякоз Жумамуратова, Лара Фернанда Эррера, Алпамис Уракбаев ва Сардор Абдукаримбеков;
Рапира йўналиши: Улуғбек Усманов ва Полина Волобуева.
Маълумот учун, 1-3 апрель кунлари сабля бўйича яккалик ва жуфтлик баҳслари ташкил этилса, 4-6 апрелда рапира, 7-9 апрель кунлари шпага бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА