Эшкак эшувчиларимиз 9 та медалга эга чиқди
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ва U23 ёш тоифалари ўртасидаги Осиё чемпионатининг иккинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечмоқда.
Мусобақанинг навбатдаги финал баҳсларида ҳамюртларимиз 4 та олтин ва 5 та кумуш медални қўлга киритиб, умумий медаллар ҳисобини янада бойитди.
U23 ёш тоифасида Муҳаммадали Миромонов С-1 дастурининг 500 метр масофасида чемпионликни қўлга киритган бўлса, Мадина Ашрафханова ва Данила Крюков К-2 MIX баҳсларида олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Зиёдбек Йўлдошалиев ва Мадина Ашрафханова К-1 йўналишида, Камолиддин Раҳматуллаев ҳамда Муаттар Қодиржонова эса С-2 MIX дастурида кумуш медални қўлга киритди.

U18 ёш тоифасида эса Зафаржон Бахтиёров К-1 йўналишида тенгсиз бўлди. Муҳаммадазиз Арипов ва Муаттар Қодиржонова жуфтлиги С-2 MIX дастурида олтин медални қўлга киритди. Милана Душев-Янич К-1 баҳсларида, Азим Ғаффоров ва Малика Султонова эса К-2 MIX йўналишида иккинчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Осиё чемпионатининг иккинчи кунида Ўзбекистон вакиллари 4 та олтин ва 5 та кумуш медални қўлга киритиб, қитъа биринчилигидаги муваффақиятли юришини давом эттирмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА