Қашқадарёда “Яшил макон” доирасида кўчат экиш тадбирлари ўтказилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбирлари ташкил этилмоқда. Унда Қашқадарё вилояти ҳам фаол иштирок этди.
Давлат раҳбари иштирокида ўтказилган тадбирда Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг 14 та ҳудуди, жумладан, Қашқадарё вилояти ҳам видеоконференция алоқаси орқали уланиб, ҳудудларда кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Вилоятдаги тадбирларда ҳоким Муротжон Азимов бошчилигида раҳбарлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда чўлланиш жараёнларини камайтириш мақсадида илғор хорижий тажрибалар жорий этилаётгани таъкидланди. Хусусан, Хитой тажрибаси асосида илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус ҳудудларида 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари барпо этилгани қайд этилди.

Кўчат экиш тадбиридан сўнг вилоят ҳокими мутасаддиларга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада оширишга қаратилган фармон ижросини таъминлаш, ишларини тизимли ва уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Мутахассислар таъкидлашича, бу каби ташаббуслар экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва келажак авлодлар учун соғлом табиий муҳит яратишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири