Қашқадарёда минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинар
Қашқадарё вилоятида фермер ва деҳқонларнинг агротехнологик билимларини ошириш, минерал ўғитлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида қатор амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Қарши туманидаги “Sharqros universal servis” МЧЖга қарашли минерал ўғитлар омборхонасида ўтказилган семинарда вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари, соҳа вакиллари ҳамда фермерлар иштирок этди. Тадбирда қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган минерал ўғитлар сифати, уларни тўғри танлаш, сақлаш ва самарали фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтирилди.
Семинар давомида минерал ўғит турлари, уларнинг таркиби, тупроққа таъсири ва қўллаш меъёрлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, омборхонадаги ўғитларни сақлаш шароитлари амалда кўрсатиб ўтилди.

Агрокимёвий таҳлил марказининг мобил лабораториясида ўғитлар сифати текширилиб, мутахассислар томонидан намуна таҳлиллари асосида уларнинг стандартларга мослиги бўйича хулосалар берилди. Фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, муаммоли масалалар юзасидан мутахассислар билан фикр алмашди.
Шу каби тадбир Қамаши туманида ҳам ташкил этилди. “Она замин инъоми” МЧЖга қарашли омборхонада ўтказилган кўргазмали амалий семинарда минерал ўғитлардан тўғри ва самарали фойдаланиш юзасидан батафсил тушунчалар берилди.
Маълум қилинишича, вилоятда ғалла ва пахта етиштиришда минерал ўғитлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2026 йил ҳосили учун 128,7 минг гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Ғалла майдонларида агротехник тадбирлар доирасида гербицид, инсектицид ва фунгицидлар билан ишлов бериш амалга оширилмоқда.

Айни пайтда ғалла майдонларининг 106,2 минг гектарида, яъни 83 фоизида азотли минерал ўғитлар билан баҳорги иккинчи озиқлантириш тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, майдонлар биостимуляторлар билан баргидан озиқлантирилмоқда.
Пахтачилик соҳасида эса жорий йил ҳосили учун 129,3 минг гектар майдонда ғўза экиш режалаштирилган. Ушбу майдонлар учун зарур бўлган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитлар етарли миқдорда ажратилган бўлиб, уларни агротехник талаблар асосида қўллаш ишлари ташкил этилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, баҳор ойларида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ва ҳаво ҳароратининг мўътадил келиши ғалла майдонларида бегона ўтлар, зараркунанда ва касалликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Шу боис, ҳимоя тадбирларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби амалий семинарлар эса фермерларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири