Қашқадарёда 9 ойда 24,6 минг нафар фуқарога 118 миллиард сўмдан ортиқ нафақа тўланди
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимида жорий этилган янги механизмлар нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнини соддалаштириб, фуқаролар учун янада қулай ва шаффоф тизимни шакллантиришга хизмат қилмоқда. 2026 йилдан ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали проактив тарзда, яъни фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз тайинланмоқда.
Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мазкур тизим орқали 24 649 нафар фуқарога 118 миллиард 677 миллион сўм нафақа тўлаб берилди.
Жумладан, 8 615 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 85 миллиард 966 миллион сўм, 16 минг 34 нафар фуқарога эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси сифатида 32 миллиард 711 миллион сўм ажратилди.
Янги механизмнинг муҳим жиҳати шундаки, у иш берувчиларнинг молиявий юкини камайтириш билан бирга, ишлаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган. Шунингдек, нафақа тўловларини иш берувчининг молиявий имкониятига боғлиқ ҳолатдан чиқариш, жараёнларни рақамлаштириш ва ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш имконини беради.
Зеро, ижтимоий суғурта тизимининг самарадорлиги нафақат ажратилган маблағлар, балки фуқаро зарур пайтда давлат кўмагини ўз вақтида ва ортиқча сарсонгарчиликсиз олиши билан ҳам белгиланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири