“Икки дунё бир қадам” — томошабинни мушоҳадага чорлайди
Наманган вилоят мусиқали драма театрида драматург Илҳом Ўрмон қаламига мансуб “Икки дунё бир қадам” драмаси асосидаги спектакль намойиш этилмоқда. Асарда инсон тақдири, муҳаббат ва ишонч, оилавий муносабатлар, шунингдек, ўз хатоларини англаш ва улар учун масъулиятни ҳис этиш каби мавзулар бадиий талқин этилган.
Спектакль воқеалари марказида ҳаёт синовлари қаршисида қолган Ҳамида образи туради. Унинг кечинмалари орқали инсоннинг ўз тақдири, муҳаббати ва келажаги учун кураши, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш масъулияти очиб берилади. Ҳамида образини актриса Р. Режаббоева ижро этган.
Н. Исломов гавдалантирган Толиб образи орқали муҳаббат ва садоқат, сўз ва амал ўртасидаги зиддиятлар намоён бўлади. Қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатлари томошабинни ишончни асраб қолиш, вафо ва масъулиятнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида ўйлашга ундайди.
Р. Ғайбуллаев ижросидаги Даврон ва А. Каримова гавдалантирган Озода образлари ҳам воқеалар ривожида муҳим ўрин тутади. Уларнинг хатти-ҳаракатлари ва бошқа қаҳрамонлар билан муносабатлари асардаги зиддиятларнинг очилишига, инсон танлови ва унинг оқибатлари ҳақидаги ғоянинг чуқурлашишига хизмат қилади.
Спектаклда оила, ота-она меҳри, ишонч ва кечирим мавзуларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қаҳрамонларнинг тақдири орқали инсоннинг ҳис-туйғулари, қарорлари ва масъулияти бир-бири билан узвий боғлиқ экани кўрсатилади.
Асарнинг асосий ғояси инсон ўз хатоларини англаши, ҳақиқатни тан олиши ва ҳаётини ўзгартириш учун жасорат топишида намоён бўлади. Спектакль томошабинни қаҳрамонлар хатти-ҳаракатларига баҳо бериш билан чекланмай, уларнинг сабаблари ва инсон қалбидаги мураккаб кечинмалар ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди.
[gallery-31947]
Драма номида мужассам бўлган фалсафий мазмун ҳам биргина қарор инсон ҳаётида кескин бурилиш ясаши мумкинлигини англатади. Баъзан ана шу қадам ҳақиқатни англаш, ишончни тиклаш ва кечиримга эришиш йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА