Қарши давлат университети жамоаси - “Вазир кубоги” ғолиби
Термиз давлат университетида талаба-қизлар ўртасида футбол бўйича ўтказилган “Вазир кубоги” спорт мусобақалари ўз якунига етди. Унда республикамизнинг 13 та олий таълим муассасаси жамоалари иштирок этди.
Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, Қарши давлат университети жамоаси бош совринни қўлга киритган бўлса, Термиз давлат университети ва Термиз давлат педагогика институти жамоалари кучли учликни якунлаб берди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон талабалар ассоциацияси раиси ўринбосари Эркин Қодиров ҳамда ТерДУ ректори Абдуқодир Тошқулов томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Шунингдек, ўз маҳорати билан ажралиб турган иштирокчилар қуйидаги махсус номинациялар бўйича тақдирланди. Жумладан, «Энг яхши тўпурар» — Барно Ботирова, «Энг яхши дарвозабон» — Гулсевар Исмоилова, «Энг фаол талаба» — Меҳрибон Эгамбердиева, «Энг иқтидорли ҳужумчи» — Озода Ҳожиева ва «Fair Play» — Феруза Алиқулова.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА