Қамашида 274 та оилага сув насослари тарқатилди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида эҳтиёжманд оилаларнинг томорқадан самарали фойдаланиши ва қўшимча даромад манбаини яратишига кўмаклашишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар давомида томорқасидан унумли фойдаланиш истагида бўлган, аммо суғориш имконияти чекланган оилалар аниқланиб, уларга субсидия асосида турли русумдаги сув насослари ажратилмоқда.
Навбатдаги тадбирда тумандаги 274 та оилага ана шундай сув насослари топширилди. Бу эса хонадонларда мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва шу орқали қўшимча даромад олиш учун имконият яратади.
Аслида, томорқадан унумли фойдаланиш оила фаровонлигини оширишнинг энг қулай ва барқарор йўлларидан биридир. Етиштирилган маҳсулот хонадон эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, ортиқчасини бозорга чиқариб, оила бюджетига қўшимча маблағ келтириши мумкин. Энг муҳими, бу жараён аҳолининг меҳнат фаоллигини ошириб, доимий даромад манбаини шакллантиришга хизмат қилади.

Мутахассислар томонидан фуқароларга томорқадан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш, сердаромад ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Бундай амалий кўмаклар эҳтиёжманд оилаларни фақат қўллаб-қувватлаш билан чекланмай, уларнинг ўз имкониятига таяниб даромад топиши учун шароит яратиши билан аҳамиятлидир. Зеро, ҳар бир хонадондаги фойдаланилмай ётган имкониятни даромад манбаига айлантириш оила фаровонлиги ва ҳудуд иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим омилдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири