Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотлар натижаларига юксак баҳо берилди
Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳукуматлараро кенгаши ХI мажлиси доирасида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов кенгашга аъзо давлатларнинг прокуратура органлари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда мавжуд келишувларга аниқ амалий мазмун бағишлаш масалалари муҳокама қилиниб, муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, Беларусь Республикаси Бош прокурори Дмитрий Гора билан учрашувда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, рақамли ечимлардан фойдаланиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш йўналишларида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Россия Федерацияси Бош прокурори Александр Гуцан билан мулоқот якунлари бўйича Агентлик ва Россия Бош прокуратураси ўртасида 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Мазкур ҳужжат коррупцияга қарши экспертиза, идоралараро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш, ёшларда коррупцияга қарши маданиятни шакллантириш, шунингдек, халқаро ташаббус ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби устувор йўналишларни қамраб олади.

Учрашувларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати натижасида Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижаларига юксак баҳо берилди.
Хорижий ҳамкорлар мамлакатимизнинг халқаро коррупцияга қарши кун тартибини шакллантиришдаги фаол иштироки тобора кенгайиб бораётганини эътироф этган ҳолда, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликка асосланган муносабатларни изчил давом эттиришга тайёр экананини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА