“Қафасдаги орзулар”да болажонлар ҳаяжони бор
Андижон вилояти қўғирчоқ театрида болажонлар учун саҳналаштирилган янги “Қафасдаги орзулар” спектаклининг Бадиий кенгаш кўриги ўтказилди. Мазкур спектакль Маданият вазирлиги ташаббуси билан 2023 йилда ўтказилган “Нигоҳ” республика семинарида грант соҳиби бўлган.
– Ҳозирги вақтда ёш ижодкорларга имкониятлар жуда катта. Айниқса, ёшларнинг билим эгаллашлари, касб-ҳунар ўрганиб, ижод билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар яратилган. Маданият вазирлиги ташаббуси билан ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб танловлар ўтказилмоқда. Бу биз ижодкорларга янада улкан илҳом ва ғайрат бағишлайди, – ёш драматург Достонбек Раҳматуллаев.

– “Қафасдаги орзулар” спектаклининг мавзуси менга жуда ёқди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссёр Фатҳулла Хўжаев. – Бу асар болажонларни орзу қилишга, тасаввурларини бойитишга ўргатади. Афсуски, ҳозир кўп болалар телефонга, гаджет ва сунъий интеллектга боғланиб, турли бачкана ва бемаъни аудиовизуал контентлар томоша қилиш билан банд бўлиб қолган. Андижон вилояти қўғирчоқ театридаги мазкур спектакль эса болаларни мўъжизалар оламига чорлайди.
Актёрлар Нигора Казакова, Дадажон Отажонов, Мавлудахон Парпиева, Муҳаммадазим Орипов, Муродил Камолиддинов ва бошқалар спектаклни янада қизиқарли чиқишини таъминлаган.
“Қафасдаги орзулар” пьесаси муаллифлари – Мансурбек Рўзиев ҳамда Достонбек Раҳматуллаев, постановкачи режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳодир Жабборов, рассом – Шуҳрат Анорбоев, қўғирчоқлар устаси – Роҳатой Акбарова.
Спектакль премьераси тез кунда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА.