Профессионал бокс: Тошкентда «шерлар» жанги
Бугун, 13 июнь куни пойтахтимиздаги «Тош куч» спорт мажмуасида навбатдаги профессионал бокс мусобақаси ўтказилади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси Матбуот хизмати. Кеча пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги БЎСМ спорт мажмуасида боксчиларнинг вазн ўлчаш, кўз уриштириш маросимлари ташкиллаштирилди.
Тошкент шаҳридаги “Uz boxing” ва “Ruslan-bohing” спорт клублари томонидан уюштирилаётган мазкур бокс мусобақасида 6 та жуфтлик жанглари бўлиб ўтади.
Эътиборли жиҳати, профессионал бокс мусобақаларининг ушбу рейтинг жангларида бир қатор ёш ва иқтидорли спортчилар ўзларининг илк баҳсларини ўтказишади. Бокс кечасининг асосий баҳси 66.7 кг вазнда тошкентлик Азим Юсупов ва фарғоналик Дилмурод Усмонов иштирокида бўлиб ўтади. А.Юсупов ўз вақтида ҳаваскор боксда бир неча халқаро турнирлар ғолиби, Тошкент шаҳар чемпиони ҳисобланади. Профессионал боксдаги фаолияти мобайнида эса учта жанг ўтказиб, барчасида ғалабага (нокаут билан) эришган.
Мусобақа ташкилотчиларидан бири “Ruslan-bohing” промуотерлик компанияси раҳбари Руслан Дадабоевнинг билдиришча, ушбу профессионал бокс мусобақаси кўплаб ёшларнинг иқтидорини намойиш қилиш ҳамда ўз имкониятларини синаб кўриш учун муносиб майдон бўлиб хизмат қилади.
Мусобақада ҳаваскор бокс бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони Аҳмадбек Мамажонов, 75 кг вазнда Ўзбекистон чемпионати совриндори, Тошкент шаҳар чемпиони Бекзод Сапарбаев каби ёшларнинг қатнашаётганлиги профессионал бокс кечаси нуфузи қай даражада юқори эканлигини кўрсатиб бермоқда.