Президент топшириғи амалда: Жиззах политехника институти Европа сари
Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижроси олий таълим тизимида аниқ қадамлар ва аниқ натижалар билан намоён бўлмоқда. Жиззах политехника институти делегациясининг Венгриянинг нуфузли Обуда университетига ташрифи таълим соҳасида бошланган тизимли ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилояти Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида институтни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, уни замонавий университет моделига ўтказиш ва Обуда университети билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифасини аниқ белгилаб берган эди. Мазкур топшириқ ижроси доирасида амалга оширилган хизмат сафари айнан шу мақсадларга хизмат қилди.

Институт ректори, профессор, фан доктори Алишер Усмонқулов бошчилигидаги делегация Обуда университети раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда университет бошқарувини рақамлаштириш, стратегик режалаштириш, таълим сифати мониторинги ва самарали бошқарув моделларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Томонлар таълимда сифат — энг асосий мезон эканини инобатга олган ҳолда, Европа стандартларига асосланган ёндашувларни муҳокама қилишди.

Айниқса, Обуда университети тажрибаси асосида Жиззах политехника институтини трансформация қилиш, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб стратегик ривожланиш ва рақамли трансформация бўйича алоҳида проректор лавозимини жорий этиш масалалари муҳим аҳамият касб этди. Бу ташаббус институт бошқарувини замон талабларига мос равишда қайта қуришга қаратилган.

Ташриф давомида ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муҳандислик, архитектура, бизнес ва бошқарув йўналишларидаги факультетлар фаолияти ўрганилди. Амалиётга йўналтирилган таълим, илмий лабораториялар ва инновацион ёндашувлар таълим мазмунини янгилашда муҳим тажриба сифатида баҳоланди.

Шунингдек, молиявий барқарорликни таъминлаш, илмий натижаларни тижоратлаштириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича илғор тажрибалар институтнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди. Алба Региа техника факультети ҳамда фан ва инновациялар парки фаолияти билан танишув эса олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг самарали моделини яққол намоён этди.
Ташриф якунларига кўра, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, халқаро грант ва стипендия дастурларида иштирокни кучайтириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Бу жараёнлар Жиззах политехника институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Жиззах политехника институтининг Обуда университети билан ҳамкорлиги — бу Президент томонидан белгиланган стратегик вазифаларнинг амалий ифодаси, таълимни тараққиёт таянчига айлантириш йўлидаги изчил ва мақсадли қадамдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири