Президент ташаббуслари экологик барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт мувозанатини таъминлайди
Президентимизнинг минтақавий экологик саммитдаги нутқи бугунги куннинг энг долзарб масалаларини қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Таъкидлашим жоизки, ушбу нутқ нафақат экологик муаммоларга эътибор қаратиш, балки уларни ҳал этиш бўйича аниқ ва амалий ёндашувларни белгилаб берди.
Айниқса, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва чўлланиш каби муаммоларнинг иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка таъсирига алоҳида урғу берилгани бугунги глобал вазиятга тўлиқ мос келади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Умумий ёндашув ва биргаликда ҳаракат қилиш” тамойили Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Кейинги йилларда минтақада шаклланган ўзаро ишонч ва очиқ мулоқот муҳити экологик дипломатияни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. “Марказий Осиё экологик бирдамлиги” ташаббуси эса бу жараёнларни янада институционал даражага кўтаришга қаратилган муҳим қадамдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам юқори баҳога лойиқ. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, Оролбўйи ҳудудларида олиб борилаётган ўрмонлаштириш ишлари ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг экологик масъулиятни чуқур англаган ҳолда ҳаракат қилаётганини яққол намоён этмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган янги ташаббуслар – “Тоза ҳаво” консорциуми, “яшил савдо йўлаги”, ягона инвестиция портфели ва минтақавий экологик атлас яратиш ғоялари амалий аҳамиятга эга бўлиб, улар нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки янги иқтисодий имкониятларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Бу ташаббуслар орқали экологик барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт ўртасида мувозанатни таъминлаш мумкин.
Айниқса, ёшларни экологик жараёнларга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Чунки келажак айнан экологик маданияти юксак бўлган, масъулиятли ёшлар қўлида барпо этилади. Шу нуқтаи назардан, таълим ва тарғибот ишларини кучайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур нутқ нафақат сиёсий баёнот, балки аниқ ҳаракат дастури сифатида ҳам хизмат қилади. Ишончим комилки, ушбу ташаббуслар изчил амалга оширилиши натижасида Марказий Осиёда экологик барқарорлик таъминланиб, аҳоли фаровонлиги таъминланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА