Сирдарёда қурилиш лойиҳаларига талаб ошади
Сирдарё вилоятида қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида сифат ва масъулиятни оширишга қаратилган янги ёндашув амалиётга жорий этилмоқда. Жорий йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ҳудудларда лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби янада кучайтирилди.
Сирдарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтган қурилиш ва архитектура-шаҳарсозлик кенгаши йиғилишида мазкур масала атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, эндиликда фақат “қоғозда жозибадор” бўлган, аммо амалда аҳоли эҳтиёжи ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган лойиҳаларга мутлақо йўл қўйилмайди.

Маълум қилинишича, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши таркиби қайта шакллантирилди. Янги тартибга кўра, вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган ҳар бир қурилиш лойиҳаси аввал мазкур кенгаш муҳокамасидан ўтади. Кенгашнинг ижобий хулосасисиз бирорта қурилиш ишларини бошлашга рухсат этилмайди.

Кенгаш фаолияти доимий асосда ташкил этилди: ҳар ҳафтанинг душанба куни лойиҳалар очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг шаҳарсозлик меъёрлари, инфратузилма ечимлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва аҳоли учун қулайлик даражаси чуқур таҳлил қилинади. Илгари кузатилган “ўтказиб юбориш” амалиётига барҳам берилди.

Янги таркибдаги дастлабки йиғилишда Гулистон шаҳридаги Сайқал маҳалласи реновация лойиҳаси, “Янги Ўзбекистон боғи” мастер-режаси ҳамда Тараққиёт маҳалласидаги 43 гектарлик янги шаҳарча лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мутахассислар томонидан мазкур лойиҳалар йўл инфратузилмаси, яшил ҳудудлар улуши, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий қулайликлар нуқтайи назаридан таҳлил қилинди. Бироқ тақдим этилган айрим лойиҳалар белгиланган меъёр ва талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланди.

Шу муносабат билан кенгаш аъзолари томонидан лойиҳа муаллифлари ва буюртмачиларга нисбатан қатъий эътирозлар билдирилиб, уларни қайта ишлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Йиғилиш якунларига кўра, кўриб чиқилган барча лойиҳалар такомиллаштириш учун қайтарилди.
Қайд этилганидек, эндиликда ҳар бир лойиҳанинг бош мезони инсон манфаатини таъминлашдир. Яшил ҳудудларни кенгайтириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш шаҳарсозлик сиёсатининг устувор йўналишига айланмоқда.
Янги ёндашувга кўра, шаҳарсозлик фақат янги бинолар барпо этиш билан чекланмайди. У, аввало, аҳоли учун хавфсиз, қулай ва барқарор ҳаёт муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши лозим. Шу боис, Сирдарёда ҳар бир лойиҳа, йиғилишда таъкидланганидек, сифат ва масъулият мезонлари асосида баҳоланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири