Президент ташаббуси ўз самарасини бермоқда
Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Буни IELTS каби халқаро тил билиш сертификатларини қўлга киритаётган, бу йўналишда энг юқори 8,5-9 баллни олаётган иқтидорли ёшлар кўпаяётганида ҳам кўриш мумкин. Эътиборлиси, ўзбекистонлик ёшлар нафақат инглиз, балки бошқа хорижий тилларни ҳам қунт билан ўрганмоқда. Бу борада ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар, жойларда ташкил этилган хорижий тилларга ихтисослашган ўқув марказлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 23 та хорижий тил, ўзбек тилидан саводхонлик, имконияти чекланганлар учун имо-ишора дарслари, IELTS, TOEFL каби сертификатларга тайёрлов курслари, инглиз тилида ахборот технологиялари ўргатилмоқда. Аҳамиятлиси, болажонлар учун инглиз тили дарслари мутлақо бепул ўқитилмоқда. “Ibrat Academy” мобил иловаси эса хорижий тилларни ўрганувчилар учун жуда катта қулайлик яратмоқда. Яъни, тингловчилар хоҳлаган жойдан туриб онлайн тарзда тил ўрганиши мумкин. Бугунги кунда мазкур илова орқали 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчилар турли тилларни ўрганмоқда. Улардан 200 мингдан зиёди хорижий тил бўйича В2 даражадаги сертификатларни қўлга киритган.
– Хорижий тилларни мазкур платформа орқали ўрганишда, айниқса, Бухоро ҳамда Сирдарё вилоятлари етакчилик қилмоқда, – дейди “Ibrat Academy” мобил иловаси бошқарувчиси Искандар Камолдинов. – Мобил илова орқали 23 та хорижий тилдан бирини ўрганиш нафақат ёшларимиз, балки кун давомида ишда бўладиган ходимлар учун ҳам жуда қулай. Эндиликда биз хорижий тилни тил билишнинг олти кўникмаси: ўқиш, ёзиш, тинглаб тушуниш, гапириш, луғат бойлиги ҳамда грамматикага асосланган дастурлар ёрдамида ўргатиш амалиётини ишга туширдик. Бу борада бизга хорижий мамлакатларда доимий тажриба ошириб бораётган юқори малакали методист ва устозлар яқиндан ёрдам бермоқда.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси фаолият қамровини йилдан йилга кенгайтирмоқда. Гап шундаки, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган хорижликлар учун ҳам махсус дастурлар ишлаб чиқилган.

– “Ибрат фарзандлари” ўзбек тилини хорижликларга бепул тарзда ўргатишни бошлаган илк ва ягона платформа ҳисобланади, – дейди лойиҳа менежери Маҳфуза Ортиқова. – Лойиҳанинг илк ишларидан бири бу инглиз тили орқали ўзбек тили дарслари “Uzbek language for beginners” ҳамда рус тили орқали ўзбек тили дарслари “Узбекский язык для начинающих” бўлган. Бугунги кунда YouTube платформасида мазкур дарслар 1 миллион 100 минг марта кўрилган. Озарбайжонликлар учун ўзбек тили дарслари тайёрладик. Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчихонаси ҳамда Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ёрдамида ўзбек тилининг мазкур мамлакатдаги тарғиботини олиб боряпмиз. Дунёнинг турли мамлакатларидаги олий таълим даргоҳларида ўзбек тили кафедралари, йўналишлари ва бўлимлари ташкил этилмоқда. “Ибрат фарзандлари” платформасида 280 минг нафар хорижлик фойдаланувчиларнинг ўзбек тилини ўрганиб бораётгани ҳам она тилимизга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан дарак беради. Бундай талаб, айниқса, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия давлатларида юқори.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси бугун ўз самарасини бермоқда. Бу лойиҳа нафақат хорижий тилларни ўрганишда, балки ўзбек тилининг дунёдаги нуфузини янада ошириш, хорижликларга ўзбек тилини ўргатишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дурдона Солиҳова, ЎзА