Президент қарори амалда: чорвачиликда замонавий технологиялар
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасини ривожлантириш, аҳолини гўшт-сут ва чорва маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот тури ва ҳажмини кўпайтириш масалалари юзасидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Президентимизнинг 2022 йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, чорвачилик хўжаликларига гўштнинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган субсидия 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди. Хориждан олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси барча тўловлардан озод этилди. Соҳага 170 миллион доллар имтиёзли кредит линиялари очилди. 200 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонларига озуқабоп экинларни алмашлаб экиш белгиланди.
Тошкент вилоятида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлилларга кўра, бу йил ҳудудда 43 та замонавий чорва комплексларини қуриш режалаштирилган. Ҳозиргача жойларда 32 та замонавий чорва комплекси ишга туширилди, қолган 11 тасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қўйчилик йўналишида белгиланган Давлат дастури асосида 52 та замонавий чорва комплекси ишга туширилади. Шу кунгача 39 та чорва комплекси ишга туширилди, қолган 13 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Ушбу чорва комплексларига 2021 йилдан 2022 йилнинг май ойигача четдан наслли 5 минг 325 бош йирик шохли қорамол, 31 минг 11 бош қўй ва эчки олиб келинди. Чорва молларининг зотини яхшилаш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Чорвачилик илмий-тадқиқот институти ва Аргентина давлатининг “Werthein Agro” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Хусусан, аргентиналик инвесторлар лойиҳа учун 150-200 миллион доллар маблағ жалб этишни мақсад қилган. Бунинг аҳамиятли томони шундаки, битта авлодда зотли бузоқ олинади. Зотли бузоқлар олиниши жуда арзон ва энг асосийси ўзимизда бўлади. Яна бир афзал томони маҳсулдорлиги камайиб қолган сигирлар ва ўзимизнинг маҳаллий сигирларга эмбрион ўтказиш ҳисобига 100 фоизли наслли бузоқ олинади.
Маълумки, туман ерларининг асосий қисми қир-адирлардан иборат. Иқлим нисбатан илиқлиги сабабли жун йўналишида боқиладиган “Меринос” қўйлар, “Ангор” эчкиларни кўпайтиришга қулай. Авваллари Оҳангарон туманида 70 минг бошгача мазкур зотдаги қўй ва эчкилар боқилган. Бироқ бу соҳага эътиборсизлик туфайли 2016 йилда 105 бош меринос қўйлари қолган. Бугунги кунда эса амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли зотли қўйлар сони 4 минг 100 бошга, эчкилар сони 7 минг 800 бошга етди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 килограмм “Ангор” эчки жуни сифатига қараб 100-150 мингдан сотилмоқда. Мазкур ишлар билан танишиш мақсадида журналист ва блогерларнинг илк манзили тумандаги "Абдураҳим ота файзи” МЧЖ чорвачилик комплекси бўлди. Бу ерда чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш борасидаги инновацион ёндашувлар, хусусан, экинларни ёмғирлатиб суғориш тизими иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

“Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган мазкур МЧЖ томонидан сутчилик ва бўрдоқичиликка ихтисослашган чорвачилик комплекси ташкил этилган. Тадбиркорлик субъекти томонидан озуқа базасини шакллантириш учун туман ҳокимлиги томонидан 552 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, шундан 172 гектар қисми лалми ер ҳисобланади. Бу ерларда йилнинг ёз мавсумида сув миқдорининг кескин камайиши кузатилади. Шу сабабдан, МЧЖ томонидан ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, МЧЖ томонидан Австриянинг “BAUER” компанияси билан 229 минг евролик шартнома имзоланиб, ёмғирлатиб суғориш технологиялари олиб келинди. Бунинг натижасида 312 гектар ер майдонини ёмғирлатиб суғориш имкони яратилди. Бунинг учун комплекс олдида 50 минг куб ҳажмдаги сув ҳавзаси яратилди. Бу ишлар туфайли далалардаги ҳосилдорлик даражасини бир неча марта ортишига замин яратилмоқда.
Ҳудудда иқлим шароити сабабли сув танқислиги мавжуд. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Туркия давлатидан қудуқ қазийдиган машина олиб келинди. Унинг афзаллиги 5 кунда 1 минг 200 метргача қудуқ қазийди. Бугунги кунда 3 минг 283 гектар ер майдонда сув тежовчи технологиялари жорий қилинди. Бу ишлар давом эттирилмоқда.
Мисол учун, “Шерзод Бекзод фахри” фермер хўжалиги 200 гектар ер майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилди. Бунда ҳар бир гектар ер майдонидан олинадиган ҳосил уч баробарга ошди. Шунингдек, янги технология асосида силос тайёрлаш, гидропоника усулида озуқа тайёрлаш ва маҳаллий лавлаги, беда уруғчилиги бўйича иш олиб борилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида 2022 йил охирига бориб, 19,1 минг тонна гўшт, 73,3 минг тонна сут ишлаб чиқарилади.
Пресс-тур давомида кўплаб чорвачилик комплексларида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Журналистларни қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари томонидан батафсил жавоб берилди.
А.Мусаев, ЎзА.