“Президент олимпиадаси”нинг илк босқич мусобақалари муҳокама қилинди
Спорт билан профессионал шуғулланувчилар сони ва сифатини янада яхшилашда “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг алоҳида ўрни бор.
Янгича тамойиллар асосида жорий этилган ҳамда мамлакатимиз ёшлари ҳаётига ўзига хос мазмун ва руҳий қувват бағишлаши назарда тутилган “Президент олимпиадаси”нинг бу йилги мусобақалари 13-14 ёшли спортчилар (бадиий гимнастика бўйича 11-12 ёшли) ўртасида 21 та олимпия спорт тури бўйича ташкил этилиши белгиланган.

Биринчи босқич жорий йил март-апрель ойларида “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси”, иккинчи босқич май-июнь ойларида “Ҳоким олимпиадаси”, учинчи босқич “Президент олимпиадаси” сифатида ташкил этилиши белгиланган бўлиб, шу кунларда туман ва шаҳарларда илк босқич баҳслари давом этмоқда.

Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да мазкур мусобақаларнинг илк босқичи - “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси”ни намунали тарзда ўтказиш ҳолати, спорт федерацияларининг масъулиятини янада ошириш, мусобақаларга хусусий спорт клубларини жалб этиш каби масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, ҳудудий спорт бошқармалар, спорт мактабларининг мутасаддилари иштирокида видеоселектор тарзда ўтказилган йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ҳудудларда мусобақаларни байрамона ташкил этиш, шаффофликни таъминлаш, қамровнинг умумий ҳолати, ҳакамлик, унинг тарғиботи борасидаги ишлар таҳлил этилди.
Шу кунларда ҳудудларда “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси” ўтказилаётгани, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида гандбол, Наманганнинг Мингбулоқ туманида волейбол, Навоий шаҳрида спорт курашлари, Самарқандда таэквондо, Бухоронинг Когон туманида гандбол бўйича ташкил этилган илк босқич мусобақалари юқори савияда ўтказилгани айтиб ўтилди.
Муҳокамалар жараёнида янги чемпионлар авлодини камолга етказишга қаратилган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг илк босқичида ҳар бир спорт турининг хусусиятидан келиб чиқиб баҳсларни бошқариб боришда ҳудудий спорт ташкилотларининг масъулиятини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА