"Президент олимпиадаси”га тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
Янги Ўзбекистоннинг профессионал спортдаги янги ғалабаларини таъминлашга қаратилган "Президент олимпиадаси" мусобақаларининг жорий йилги саралаш мусобақалари жойларда кўтаринки руҳда ўтказилди.
Айни кунларда Спорт вазирлиги ва дахлдор ташкилотлар томонидан “Президент олимпиадаси”нинг республика финал босқичини юқори савияда ташкил этиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Спорт вазирлигида “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг республика финал босқичини юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилишда таъкидланганидек, 13-14 ёшли спортчилар ўртасида 21 та олимпия ва 10-18 ёшли пара спортчилар ўртасида 5 та паралимпия спорт тури бўйича республикамиздаги мавжуд 208 та туман ва шаҳарларда март-апрель ойларида ташкил этилган биринчи босқич баҳсларида 330 минг нафарга яқин ёш спортчилар иштироки таъминланди.

Илк босқичда совринли ўринларни эгаллаган 30 минг нафардан зиёд иқтидорлилар май-июнь ойларида ташкил этилган 2-босқичда ўз маҳоратини намойиш этиб, энг кучлилар республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов бошчилигида федерациялар ҳамда ҳудудий спорт бошқармалари раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилиш давомида “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг якуний финал босқичини юқори савияда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар жараёнида мусобақанинг финал босқичини сифатли ташкил этиш, иштирокчиларни кутиб олиш, мусобақалар ўтадиган спорт мажмуаларни тайёрлаш, техник вазифаларни мувофиқлаштириш ҳамда масъул ташкилотларнинг вазифалари борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида “Президент Олимпиадаси”нинг финал босқичини юқори савияда ўтказиш юзасидан федерациялар ва ҳудудий спорт бошқармаларининг масъулларига тегишли топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА