4 сентябрь — Бутунжаҳон таэквондо куни
Бугун Бутунжаҳон таэквондо куни. Глобал эътирофга сазовор бу спорт тури ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Бугун, 4 сентябрь — Бутунжаҳон таэквондо WT куни. Ушбу сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида спортнинг мазкур турига бўлган эътиборни яна бир бор намоён этиб, таэквондонинг нафақат беллашув майдонидаги имкониятлари, балки ёш авлодни жисмонан ва маънан камол топтиришдаги аҳамиятини ҳам кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Таэквондонинг бугунги халқаро мақоми унинг Олимпия ҳаракатидаги ўрни билан ҳам чамбарчас боғлиқ. 1994 йил 4 сентябрь куни Париж шаҳрида ўтказилган Халқаро олимпия қўмитаси сессиясида таэквондони 2000 йил Сидней Олимпия ўйинлари дастурига расман киритиш ҳақида қарор қабул қилинган. Шу тариқа, қисқа вақт ичида таэквондо дунё спортининг энг нуфузли майдонидан муносиб ўрин эгаллади.
2006 йил Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтказилган Бош Ассамблея йиғилишида эса 4 сентябрь санаси Бутунжаҳон таэквондо куни сифатида белгиланди. Бугун ушбу сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида таэквондонинг спорт ва тарбиявий аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида нишонланади.
Таэквондо WT миллионлаб инсонларни бирлаштирган халқаро спорт турларидан бири сифатида шаклланган. Унинг оммавийлиги, ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани ва юқори натижалар учун рақобатнинг кучайиб бораётгани мазкур спортни ривожлантиришда нафақат спорт натижаларини, балки узлуксиз тайёргарлик тизимини ҳам муҳим омилга айлантирмоқда.
Ўзбекистонда таэквондо WT’нинг ривожланиши ҳам ана шу умумий жараён билан уйғун. Мамлакатимизда спортни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш ва юқори малакали спортчилар захирасини шакллантиришга қаратилган ёндашув таэквондо соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда.
Мамлакатимизда спортни, хусусан, олимпия спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида таэквондо WT йўналишида халқаро майдонда муносиб натижалар қайд этилмоқда. Энг муҳими, мазкур спорт тури ёшлар ўртасида кенг оммалашиб, янги истеъдодларни кашф этиш ва юқори малакали спортчилар захирасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу йил Тошкент шаҳрида таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилгани ҳам мамлакатимизда мазкур спорт турини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва йирик халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатди.

Айниқса, сўнгги йилларда ўзбек таэквондочилари эришаётган ютуқлар мазкур спорт тури мамлакатимизда оммавийликдан юқори спорт маҳоратигача бўлган яхлит тизим асосида ривожланаётганини кўрсатмоқда. Олимпия ва жаҳон чемпионларининг етишиб чиқиши эса бу жараённинг энг юқори самараларидан биридир.
Бугунги кунда ўзбек таэквондоси халқаро майдонда ўз ўрнига эга. Улуғбек Рашитов, Жасурбек Жайсунов, Шуҳрат Салаев, Светлана Осипова, Озода Собиржонова, Феруза Содиқова каби спортчиларнинг қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда қайд этаётган натижалари бунинг яққол далили.

Айниқса, Улуғбек Рашитовнинг икки карра Олимпия чемпиони сифатида Ўзбекистон спорти тарихида ўз номини қолдиргани алоҳида аҳамиятга эга. Аёллар ўртасида таэквондо WT бўйича ҳам салмоқли натижалар қайд этилмоқда. Светлана Осипова 2022 йилда жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. «Париж-2024» Олимпия ўйинларида эса кумуш медалга сазовор бўлиб, мамлакатимиз аёл таэквондочилари орасида илк маротаба Олимпия шоҳсупасидан жой олган спортчига айланди.
Пара таэквондо йўналишида ҳам юртимиз вакиллари халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда. Асадбек Тоштемиров, Гулжаной Наимова, Зиёдахон Исоқова каби спортчиларнинг натижалари бу йўналишда ҳам кенг имкониятлар яратилаётганидан далолат беради.
Спортнинг оммавийлиги юқори натижалар учун зарур бўлган захирани шакллантириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш, уларнинг маҳоратини мунтазам ошириш ва миллий терма жамоа таркибини муносиб номзодлар билан тўлдириш учун муҳим омил ҳисобланади.

Қайд этилаётган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда ушбу спорт турининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Эндиги вазифа эса эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш, ёшлар орасидан янги чемпионларни тарбиялаш ва Ўзбекистон таэквондосининг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада оширишдан иборат.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА