Пойтахтимизда янги кутубхона иш бошлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси - ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган.
Шунингдек, китобхонларга шароитларни яратиш учун ҳудудларда кутубхоналар сони тобора ортиб бормоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги ва “Asaxiy books” лойиҳаси доирасида Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ёнида навбатдаги зиё маскани ишга туширилди.

Умумий майдони 250 квадрат метрни ташкил этувчи ушбу маскан ёшларга нафақат китоб харид қилиш, балки шинам муҳитда мутолаадан завқ олиш имкониятини ҳам тақдим этади.

Дўкон жавонларидан ўзбек адабиёти, жаҳон классикаси, бизнес, психология каби 10 дан ортиқ йўналишдаги 5 мингдан ортиқ асарлар ўрин олган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур зиё маскани ўқувчи ва тадқиқотчилар учун жозибадор маърифий масканга айланади. Китобхонлар эътиборига ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги бадиий асарлар ва энциклопедиялардан тортиб, болалар ва илмий-оммабоп китобларгача бўлган сара адабиётлар тўплами ҳавола этилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА