Пойтахтда кузги ярмаркалар: Маҳсулотлар 30 фоиз арзон нархда
Мўл ҳосил ва давлат кўмаги туфайли бу йилги куз неъматлари пойтахт бозорларига арзон нархларда етиб келмоқда. Деҳқонларимизнинг маҳсулотлари "Даладан дастурхонга" тамойили асосида қандай етказилмоқда? Буни Юнусобод деҳқон бозори мисолида таҳлил қилиб кўрамиз.
Бу йилги деҳқончилик мавсуми бободеҳқонларимизга яхши келди. Об-ҳаво ўз саховатини аямади. Томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган далаларнинг суви иқтисод қилиниши натижасида мева-сабзавот, полиз экинлари учун ҳам етарлича обиҳаёт борди. Деҳқонларимизга давлат томонидан берилаётган қатор имтиёзлар, ер-сув ислоҳотлари ўз натижасини бериб, бугун бозорларимиз ҳам тўкис бўла бошлади.
Саховатли заминимиз тортиқ қилган куз неъматларидан халқимизни баҳраманд қилиш, бозорларимизда нархлар мўътадиллигини таъминлаш мақсадида фермерларимиз ўзлари етиштирган маҳсулотларини “Даладан дастурхонга” тамойили асосида арзон нархларда пойтахт савдо расталарига олиб келмоқда.

Тошкент шаҳрининг 12 та асосий деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдоси учун барча шароитлар яратилди. Бепул расталар, сақлаш омборхоналари ажратилди. Ярмаркаларга маҳсулот келиши ва сотилишини мувофиқлаштириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Бозорларни мувофиқлаштириш” департаменти масъул ходимлари зиммасига юклатилди. Аҳолига арзонлаштирилган нархларда маҳсулотларнинг чакана савдоси (улгуржи нархларда) амалга оширилмоқда.
- Самарқанд вилояти фермерлари ва деҳқонлари Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани деҳқон бозорига бириктирилган, - дейди Ўзбекистон Фермерлар кенгаши бош мутахассиси Элмурод Мамараҳимов. - Ўзимизда етиштирилган картошкалар 5 минг сўмдан сотиляпти. Пиёз 2 500 сўм, қизил ва сариқ сабзи 5000 сўмдан сотиляпти. Ҳамма маҳсулот туридан бор бизда.
30 сентябрь куни учун жами 55 тонна маҳсулот захираси яратилиб, шундан 34,7 тонна сабзавот, картошка ва полиз, 3,7 тонна гуруч, 9,3 тонна гўшт маҳсулотлари шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонларига арзон нархларда сотилмоқда. Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ташаббуси билан мазкур қишлоқ хўжалиги савдо ярмаркаларида маҳсулотларнинг нархи тадбиркорлар растасидаги нархдан ўртача 20-30 фоизгача арзон сотилиши ташкил этилди.
Барча пойтахт бозорларида 22 сентябрдан бошланган арзонлаштирган савдо ярмаркаларига шу кунгача жами 432 тонна маҳсулот олиб келиб, сотилди.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА