Покистонга экспорт имкониятлари кенгаймоқда (+видео)
Покистоннинг фитосанитар хизматлари билан олиб борилган музокаралар натижасида энди ўзбекистонлик деҳқон ва фермерлар аччиқ қалампир, анжир, лимон ва олмани ушбу давлатга экспорт қилишлари мумкин.
Мазкур мамлакат Жанубий Осиёдаги энг йирик истеъмол бозорларидан бири саналади. Аҳоли сони 240 миллион нафардан ортиқ бўлиб, бу бозорнинг мева-сабзавотга бўлган йиллик талаби миллионлаб тонна билан ўлчанади. Ўзбекистон учун эса бундай имконият экспорт географиясини кенгайтиришга йўл очади. Қолаверса, мамлакатимиз катта мақсадларни кўзлаган: маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини ошириб, экспортни яқин йиллар ичида 10 миллиард долларга етказиш.
- Агентлик томонидан рўйхатга олинган боғларда етиштирилган, талабга жавоб берадиган қадоқлаш корхоналарида қадоқланган маҳсулотларгина Покистонга экспорт қилиниши мумкин, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош мутахассиси Назокат Тоҳирова. – Покистон томонига ҳар йили боғ ва қадоқлаш корхоналари реестри экспорт олдидан бериб борилади. Ушбу давлатга экспорт қилинадиган маҳсулот зараркунандалардан ҳоли бўлиши ва агентлик томонидан фитосанитар назоратидан ўтган ва сертификатга эга бўлиши керак. Маҳсулотлар фақат пластик яшиклар ва картон қутиларда экспорт қилинади. Ёғоч қутилардан фойдаланиш тақиқланади. Маҳсулотлар 1-2 даражада сақланиши ва экспортга юкланганидан кейин 2-3 даражали совуткичли контейнерларда экспорт қилиниши мумкин.
Бугун халқаро бозорга чиқиш учун нафақат маҳсулот сифатига эътибор бериш, балки фитосанитар қоидаларга ва ҳарорат мезонларига ҳам амал қилиш, саралаш, калибрлаш, маркировкалаш ва қадоқлаш талабларига риоя этиш муҳим саналади.
Маълум бўлишича, 2026 йилнинг ўтган даврида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан турли давлатларнинг фитосанитар хизматлари билан олиб борилган музокаралари натижасида яна 4 давлатга 9 турдаги маҳсулот учун фитосанитар рухсатлар олинишига эришилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XvCjtpF7JbE" title="Pokistonga eksport imkoniyatlari kengaymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА