Энерготарифлар ошиши инфляцияга қандай таъсир қилади?
Марказий банк бошқаруви раиси иштирокида асосий ставкани қайта кўриб чиқиш масаласи юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда мамлакат пул-кредит сиёсати, инфляция кутилмалари ва молия бозоридаги долзарб тенденциялар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 2026 йил март ойида умумий инфляция йиллик 7,1 фоизгача, базавий инфляция эса 5,7 фоизгача пасайди. Умумий инфляция пасайишда давом этиб, 2026 йил якунида 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда: 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнози 7–7,5 фоизгача оширилди. Ташқи иқтисодий муҳитда геосиёсий зиддиятлар, нефт ва озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика харажатлари ортиши инфляция учун қўшимча ташқи хатарлар яратмоқда.
[gallery-29075]
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилади.
Бошқарув томонидан фақат бир масала — асосий ставкани амалдаги даражада сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинган. Бу қарор ҳукуматнинг амалдаги макроиқтисодий прогнозлари ва инфляция босимларини чеклаш заруратидан келиб чиққан ҳолда қабул қилингани таъкидланди.
Марказий банк раҳбариятининг қайд этишича, келгуси ойларда миллий валюта — сўмнинг реал алмашув курсига сезиларли босимлар кутилмаяпти. Сўмнинг эркин сузиб юрувчи валюта сифатида сақланиши эса иқтисодий мувозанатни таъминлашда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Матбуот анжуманида инфляция прогнозларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳисоб-китобларда энергия тарифларининг 10 фоизгача оширилиши эҳтимоли инобатга олингани қайд этилди. Бу эса нархлар умумий динамикасига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, банк тизимидаги ислоҳотлар, жумладан давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида ҳам фикр билдирилди. Таъкидланишича, хусусийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад рақобат муҳитини кучайтириш, хусусий банклар улушини ошириш ва янги хорижий молия институтларини бозорга жалб қилишдан иборат.
Кредит бозорида кузатилаётган ўзгаришлар ҳам эътибор марказида бўлди. Жисмоний шахсларга ажратилаётган кредитлар ҳажмининг қисқариши макропруденциал чоралар, хусусан аҳолининг қарз юкини чеклашга қаратилган механизмлар натижаси экани қайд этилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА