Пластик қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Глобал рақобат кескин тус олган бугунги шароитда маҳсулотни етиштиришнинг ўзи кифоя эмас. Уни сифатини сақлаган ҳолда, хавфсиз ва йўқотишларсиз манзилга етказиш аграр ва экспорт салоҳиятининг ҳал қилувчи омилига айланмоқда.
Шу маънода BMB Holding таркибидаги "BMB Impex" корхонасида замонавий технологиялар асосида пластик қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ички бозор ва экспорт занжиридаги муҳим бўғинни мустаҳкамлади.
Янги ишлаб чиқариш қувватлари, аввало, Холдинг тизимидаги экспортёр корхоналар эҳтиёжини барқарор таъминлашга қаратилган. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида қадоқлаш, уларнинг товар кўриниши ва сифатини сақлаш, ташиш жараёнидаги йўқотишларни камайтириш — корхона фаолиятининг устувор йўналишига айланган.

Мутахассислар фикрича, қадоқлаш сифати экспорт географиясини кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, ташқи бозор истеъмолчиси нафақат маҳсулот мазаси, балки унинг тақдим этилиш маданиятига ҳам юксак талаб қўяди. "BMB Impex"да ишлаб чиқарилаётган пластик қутилар ана шу талабларга жавоб берадиган, мустаҳкам, экологик хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан мақбул ечим сифатида таклиф этилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, корхона фаолияти фақат Холдинг доирасида чекланиб қолмайди. Айни пайтда мамлакатимиздаги бошқа ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи субъектлар ҳам мазкур маҳсулотдан фойдаланиш имконига эга. Бу эса маҳаллий тадбиркорлар учун сифатли ва ҳамёнбоп қадоқлаш воситаларини танлаш имкониятини янада кенгайтиради.

Янги ишлаб чиқариш йўналиши қўшимча иш ўринлари яратиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, қадоқлаш соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улуши ортиб, миллий иқтисодиёт барқарорлигига муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Яқин истиқболда ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш режалаштирилгани корхонанинг стратегик мақсадлари изчил ва аниқ эканини кўрсатади. Бу эса "BMB Impex" нинг нафақат Холдинг тизимида, балки республика миқёсида ишончли ва барқарор ҳамкор сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири