Мактаб ўқувчилари божхона хизмати фаолияти билан танишди
Сурхондарё вилоятида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг давлат идоралари фаолияти ҳақидаги билим ва тасаввурларини кенгайтиришга қаратилган маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан Термиз шаҳридаги 18-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун вилоят божхона бошқармасининг “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбир давомида ўқувчилар божхона ходимларининг кундалик иш фаолияти, юклар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш жараёнлари ҳамда постда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Мутахассислар томонидан божхона органларининг асосий вазифалари, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишдаги ўрни, шунингдек, соҳа ходимларининг масъулияти ҳақида маълумот берилди.
Очиқ мулоқот чоғида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Айниқса, божхона тизимидаги касблар, мазкур соҳада ишлаш учун зарур билим ва кўникмалар ҳақидаги маълумотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-32363]
Мазкур тадбир ўқувчиларнинг божхона хизмати ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, уларни келажакда касб танлашга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА