Петербург-2026: Ўзбекистон – Евросиё кун тартибини шакллантираётган давлатлардан бири
Петербург халқаро иқтисодиёт форуми (ПХИФ-2026) бу йил нафақат иқтисодий ҳамкорлик майдони, балки янги глобал тартиб шаклланаётган шароитда давлатларнинг стратегик қарашини намоён этадиган муҳим сиёсий-иқтисодий платформа сифатида намоён бўлди.
Геосиёсий рақобат кучайиб, халқаро иқтисодий муносабатлар янги босқичга ўтаётган бир пайтда форум иштирокчилари дунё иқтисодиётининг келажак манзараси юзасидан фикр алмашдилар .Сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраев таъкидлашича, мазкур анжуманда Ўзбекистоннинг мақоми одатий иштирокчи даражасидан анча юқори бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегация форумнинг энг муҳим тадбирларида қатнашиб, Евросиё маконида иқтисодий ҳамкорлик, технологик ривожланиш ва инвестициявий шерикликнинг янги йўналишлари бўйича муҳим ёндашувларни илгари сурди. Эътиборли жиҳати шундаки, Тошкент бу сафар фақат ташқи ташаббусларга муносабат билдирувчи томон эмас, балки минтақавий ва халқаро кун тартибини шакллантиришга ҳисса қўшаётган мустақил сиёсий-иқтисодий марказ сифатида майдонга чиқди.
ПХИФ-2026 доирасида мамлакатимиз кун тартибининг асосий мазмуни инвестиция жалб қилиш, юқори технологияга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш масалаларини умумлаштирди. Бу йўналишлар давлатимизнинг кейинги ўн йиллик ривожланиш стратегияси билан узвий боғлиқ экани аҳамиятли .
Инвестиция учун янги чақириқ: Ўзбекистоннинг глобал капитал учун жозибадорлиги
Пленар мажлисда сўзга чиққан Президентимиз хорижий сармоядорларга мурожаат қилиб, мамлакатда юқори қўшилган қиймат яратадиган янги саноат занжирини шакллантиришда иштирок этишни таклиф қилди. Бу чақириқ ортида фақат инвестиция жалб қилиш мақсади эмас, балки миллий иқтисодиётни хом ашё экспортидан юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқариш моделига ўтказиш стратегияси мужассам.
Сўнгги йилларда республикамиз иқтисодиётида амалга оширилган институционал ислоҳотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бозор механизми кенгайиши, хусусий мулк ҳуқуқи мустаҳкамланиши, тадбиркорлик муҳити либераллаштирилиши ва ташқи иқтисодий алоқа эркинлаштирилиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини сезиларли даражада оширди.
Форумда белгиланган устувор йўналишлар ҳам мамлакат иқтисодиёти келгуси қиёфасини белгилаши мумкин. Айни жараёнда саноатни қайта ишлаш тармоғи, қишлоқ хўжалиги технологиялари, биология-кимё, робот техникаси, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ҳамда замонавий инфратузилма лойиҳалари алоҳида ўрин эгаллайди .Яна бир муҳим жиҳат: Тошкент инвесторларга фақат ички бозор имкониятини таклиф қилиш билан чекланмай, ўзини Марказий Осиё бозорига чиқиш учун ишончли ҳудудий платформа сифатида тақдим этмоқда. Географик жойлашув, транспорт йўлаклари ривожи ва қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқа кенгайиши мамлакатни минтақадаги муҳим логистика ва ишлаб чиқариш марказларидан бирига айлантирмоқда.
Шу нуқтаи назардан ПХИФ-2026 доирасида янграган чақириқ қисқа муддатли иқтисодий манфаат эмас, балки юртимизнинг янги индустриал тараққиёт босқичига ўтиш стратегияси таркибий қисми сифатида баҳоланмоқда.
Кўп қиррали ташқи сиёсат натижаси
Форумда халқаро экспертлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятига эътибор қаратди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташқи алоқани бир йўналишга боғлаб қўйиш эмас, балки турли геосиёсий марказлар билан мувозанатли ҳамкорлик қилиш тамойили асосида ҳаракатланмоқда.
Тошкент Москва, Пекин, Брюссель, Рим ва минтақанинг бошқа пойтахтлари билан бир вақтнинг ўзида самарали муносабат ўрнатган. Бундай сиёсат ташқи иқтисодий имкониятни кенгайтириш баробарида беқарор дунё шароитида мамлакатнинг мавжуд имкониятини ҳам кенгайтиради.
ПХИФ-2026 айни сиёсатнинг амалий натижасини намоён қилди. Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой ва Африка қитъаси вакили – Танзания раҳбарияти билан бир майдонда чиқиш қилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат .Мутахассислар таъкидлаётганидек, Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорлик муҳитини шакллантиришда Тошкентнинг роли йил сайин кучаймоқда. Бу мамлакатни нафақат минтақа ичидаги муҳим иштирокчи, балки Евросиё маконидаги муҳим мулоқот марказига айлантирмоқда.
Янги дунё тартибида Ўзбекистоннинг ўрни
ПХИФ-2026 давомида глобал иқтисодиёт қайта шаклланиши мавзусига алоҳида ўрин ажратилди. Транспорт йўлаклари ўзгариши, таъминот занжири қайта тақсимланиши, рақамли технология жадал ривожланиши ва СИ иқтисодий жараёнга чуқур кириб бориши давлатлар олдига янги вазифа қўймоқда.
Давлатимиз раҳбари маърузада шу жараёнга урғу бериб, рақобат табиий ресурсдан технология, логистика ва интеллектуал ечимга кўчаётганини таъкидлади. Бу фикр иқтисодий сиёсатимизнинг кейинги босқичини тушуниш учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлини арзон ресурс ёки меҳнат кучи эмас, балки инновация, билим ва юқори технологияга таянган ҳолда қуришни мақсад қилган .Айни пайт ички барқарорликни сақлаш масаласи ҳам устуворлик касб этмоқда. Сўнгги йилларда аҳоли даромади ўсиши, ижтимоий соҳа ижобий ўзгариши, иқтисодий фаоллик кўлами кенгайиши диёримизнинг ташқи иқтисодий очиқлиги билан уйғун ҳолда ривожланмоқда. Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаоллиги мустаҳкам ички асосга таянганини кўрсатади.
Технология шериклиги ва Евросиёда Ўзбекистоннинг янги мавқеи
Юқорида қайд этилганидек, ПХИФ-2026 республикамиз учун инвестиция имкониятини намойиш этиш ва кўп қиррали ташқи сиёсатни тасдиқлаш майдони бўлди. Анжуман якунини чуқурроқ таҳлил қилиш кўрсатадики, Санкт-Петербургдаги анъанавий иқтисодий ҳамкорлик доирасидан кўра кенгроқ қамровга эга учрашув ва келишувлар энергетика, технология, рақамлаштириш, инсон капитали ва маданий дипломатия каби стратегик соҳаларда узоқ муддатли шериклик манзарасини шакллантиришга қаратилган .
Атом энергетикаси: Ўзбекистоннинг технологик тараққиёт босқичига ўтиши
ПХИФ-2026 доирасидаги яна бир муҳим воқеа Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси биринчи энергия мажмуаси қурилиши бошлангани эълон қилинишидир. Бу лойиҳа энергетика соҳасидаги навбатдаги оддий инвестиция дастури эмас, балки мамлакатнинг саноат ва технологик ривожланиши стратегиясида янги босқични бошлаб берган воқелик сифатида баҳоланмоқда.
Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, атом энергетикасига эга давлатлар юқори технология соҳасида рақобатбардош иқтисодий тизим шакллантириш учун мустаҳкам асосга эга. Зеро, мазкур тармоқ фақат энергетика билан чекланмай, муҳандислик, илмий тадқиқот, рақамли бошқарув тизими, материалшунослик ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби муҳим йўналишларни ҳам қамраб олади.
Шу нуқтаи назардан Жиззахда барпо этилаётган АЭС Ўзбекистоннинг келажак технология салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу воқеани тарихий аҳамиятга эга, дея баҳолаганига асосий сабаб ҳам шу .Айниқса, ташаббус халқаро стандарт асосида амалга оширилаётгани нафақат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлайди, балки мамлакатнинг юқори технологияли давлат сифатидаги имижини ҳам кучайтиради.
Стратегик шерикликнинг янги мазмуни
Форум доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия олий даражадаги музокаралари икки давлат муносабати янги босқичга ўтаётганини намоён қилди. Авваллари ҳамкорлик асосан савдо айланмаси ва хом ашё билан боғлиқ эди. Бугун эса алоқалар юқори технология ва инновацион иқтисодиётга ҳам кўчмоқда.
ТДШУ мустақил тадқиқотчиси Ақлбек Тилаволдиев ҳозир икки мамлакат иштирокида энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида юздан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётганига эътибор қаратиб, ПХИФ-2026 давомида илгари сурилган ташаббуслар эса шерикликнинг келажакдаги қиёфаси ҳақида янада кенгроқ тасаввур беришини таъкидлайди.
Хусусан, ўзаро боғлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга қаратилган “Евросиё маконида технология индустриаллашуви” ғояси минтақа мамлакатларида саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, қўшма рақамли экотизимни шакллантириш, рақамли савдо платформаларини ўзаро уйғунлаштириш ва СИ асосида маҳсулот яратиш таклифи ҳам иқтисодий муносабат янгича услубга ўтаётганидан дарак беради.
Эътиборли жиҳат шундаки, мазкур ташаббуслар иқтисодий кўрсаткични ошириб, технология мустақиллигини кучайтиради .
Инсон капитали – рақобатнинг асосий омили
Замонавий дунёда давлатлар рақобатбардошлиги табиий ресурс ёки ҳудуд ҳажми эмас, балки инсон капитали сифати билан белгиланмоқда. Шу боис ПХИФ-2026 майдонида кўтарилган таълим, касбий тайёргарлик ва меҳнат бозорини ўзаро боғлайдиган қўшма платформалар ташкил этиш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади .Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисми ёшлар. Бу мамлакатимиз учун улкан демографик устунлик. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланиш учун эса меҳнат бозори талабига мос билим ва кўникмани шакллантириш зарур.
Форумда муҳокама қилинган инсон капиталига оид ғоялар айнан шу вазифага хизмат қилиши билан аҳамиятли. Зеро, рақамли иқтисодиёт ва юқори технология даврида инвестиция оқими кўп жиҳатдан кадрлар салоҳиятига боғлиқ бўлиб бормоқда.
Маданий дипломатия: юмшоқ кучнинг ўзбек модели
ПХИФ-2026 иқтисодий форум бўлишига қарамай, Ўзбекистоннинг маданий дастурлари ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Бу ҳолат мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятини кўрсатади: иқтисодий ҳамкорлик маданий ва гуманитар алоқалар билан мустаҳкамлангандагина барқарор натижа беради .Санкт-Петербургда ташкил этилган опера намойиши, музей кўргазмаси ва креатив ташаббуслар ўлкамизнинг бой маданий меросини халқаро аудиторияга янада кенгроқ танитиш имконини берди .Айниқса “Самарқанддан Петербургга” маданий йўлак ташаббуси икки мамлакат гуманитар алоқаларини янги босқичга кўтариши шубҳасиз. Бундай лойиҳалар нафақат туризмни рағбатлантиради, балки халқлар ўртасида узоқ муддатли ишонч муҳитини шакллантиради .Умуман, замонавий халқаро муносабатларда маданий дипломатия тобора муҳим аҳамият касб этаётган бир пайт Ўзбекистон мазкур йўналишдан ташқи сиёсий имкониятни кенгайтириш воситаси сифатида фойдаланмоқда.
ПХИФ-2026: Ўзбекистон учун қандай хулоса берди?
Форум якуни кўрсатдики, Ўзбекистон ташқи иқтисодий стратегияси сифат жиҳатидан янги босқичга кириб бормоқда. Мамлакат эндиликда фақат сармоя қабул қилувчи бозор эмас, балки технология, логистика, энергетика ва инновация соҳасида шериклик таклиф қила оладиган давлат сифатида намоён бўлмоқда.
Санкт-Петербургда илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувлар иқтисодий ўсишни таъминлаш баробарида республикамизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Айниқса, атом энергетикаси, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва инсон капитали соҳаларига устувор эътибор қаратилаётгани мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт моделини белгиламоқда.
Хуллас, Янги Ўзбекистон энди Евросиёдаги иқтисодий жараённинг оддий иштирокчиси эмас, балки ҳамкорлик, технология ва тараққиётни бирлаштира оладиган муҳим марказдир. Юртимизнинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўша оладиган ПХИФ-2026 анжумани эса диёримизнинг келгуси ўн йилликлардаги стратегик ривожланиши йўналишларини ҳам белгилаб берии мумкин .
Мусулмон Зиё, ЎзА