Ал-Нинё туфайли 2027 йил ҳарорат рекорд даражага чиқиши мумкин
Австралиялик иқлимшунос, ARC XXI аср об-ҳавоси бўйича мукаммаллик маркази ходими Андреа Ташетто "РИА Новости"га берган интервьюсида океан юзаси исиб кетиши оқибатида 2027 йил Ал-Нинё иқлим ҳодисаси энг юқори чўққисига кўтарилиб, глобал ҳарорат рекорди ўрнатилиши мумкин, деди.
– Дунё бўйлаб денгиз юзаси ҳарорати ҳозир жуда юқори, 2026 йил май ойида рекорд қайд этилди, – деди у. Ал-Нинё чўққиси одатда тропик Шимолий Атлантика ва Ҳинд океанида кўтарилиш орқали глобал ўртача ҳароратни оширади. Шунинг учун агар келгуси йил ҳарорат рекорди ўрнатса, ажабланмаймиз.
Шунингдек, олим Ал-Нинё энг юқори жадалликни қачон намоён этиши ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги Ал-Нинё об-ҳаво ҳодисаси 2026 йил декабрь ойида энг юқори чўққисига чиқади ва кейин 2027 йил февраль-май ойларида заифлаша бошлайди.

– Тарихан Ал-Нинё одатда йил охири – декабрда энг юқори чўққисига чиқиб, Шимолий ярим шарда февралдан майгача – қиш охири ва баҳорда пасаяди, – дея фикрини давом эттиради олим. – Ҳозирги Ал-Нинё ривожланишнинг анчайин мумтоз белгиларини кўрсатмоқда. Демак, ривожланиш, чўққига чиқиш ва кутилганидек, кейин заифлашиш юз беради.
Иқлимшунос фикрича, Ал-Нинё 2026 йил охиригача давом этишини ифодалаган кўрсаткич аллақачон кузатилмоқда. Хусусан, тропик Тинч океанидаги денгиз сатҳи ҳарорати кутилганидан юқори ва Ал-Нинё ривожланиши билан кўтарилиш яна давом этади.

Экваториал Тинч океанидаги сув ҳарорати ғайри табиий даражада кўтариладиган табиий ҳодиса бўлмиш Ал-Нинё исиш океан ва атмосфера ўртасидаги ўзаро таъсирни ўзгартиради ва сайёрамиз бўйлаб иқлим ўзгариши занжирини келтириб чиқариши мумкин.
Бунда баъзи минтақаларда қурғоқчилик эҳтимоли ортади, бошқаларида эса намроқ шароит, кучли ёғингарчилик кузатилади.
С.Раҳимов, ЎзА