Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби белгиланди
Адлия вазирлиги Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йил 29 апрелда қабул қилинган қонунга кўра, мазкур идоравий ҳужжат пай фондларининг реестрини шакллантириш, юритиш, унга ўзгартириш киритиш, шунингдек пай фондини реестрдан чиқариш ва ундаги маълумотларни тақдим этиш тартибини белгилайди.
“Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида икки ва ундан ортиқ шахсларнинг (инвесторларнинг) ўзи ишончли бошқарувга берган пул маблағлари йиғиндиси пай фондидир.
Пай фонди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан ягона реестрга киритилган ҳамда Агентликнинг веб-сайтида эълон қилинган пайтдан ташкил этилган деб ҳисобланади.
Пай фондини ягона реестрга киритиш учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси ариза, пай фондини ишончли бошқариш ҳақидаги шартнома нусхаси ва бошқа ҳужжатларни Агентликка тақдим этади.
Ариза олинганидан кейин Агентлик 7 иш куни ичида пай фондини реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА