“Карьера куни” – битирувчилар учун янги имкониятлар майдони
“Карьера куни” нафақат бўш иш ўринлари тақдимоти, балки иш берувчилар ва ёш мутахассислар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади. Бундай тадбирлар ёшларнинг касбий йўналишини аниқлаш, уларни амалий тажриба билан боғлаш ҳамда бандлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шу мақсадда, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Карьера куни”, “Wоrkshop” ва “Келажакка қадам” дастурлари доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Эндиликда замонавий медиа муҳит анъанавий қолиплардан воз кечмоқда. Ярмаркада иштирок этган 50 дан ортиқ ташкилотлар, жумладан, давлат ва хусусий ОАВлар, вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари вакиллари бир овоздан мутахассиснинг фақатгина ёзиш қобилияти бугун учун етарли эмаслигини таъкидлади.
Журналистикада соҳалараро ҳамкорлик турли мавзулардаги мақолаларни оддий ва тушунарли тилда, мутахассис даражасида таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, юзаки ахборотчиликдан профессионал таҳлилий журналистикага ўтиш демакдир. Тадбир доирасида журналистик тадқиқотларнинг ўрни айнан шу мисол билан кўриб чиқилди.
[gallery-29101]
“Келажакка қадам” дастури ёш журналистлар, муҳаррирлар ва таҳлилчилар учун ўзига хос поғона вазифасини ўтамоқда. Янги авлод вакилларининг рақамли медиа муҳитда ахборотга ишлов бериш тезлиги анъанавий усуллардан бир неча баробар юқори. Маҳорат дарслари ва тақдимотлар давомида ёшларнинг шижоати ва инновацион ёндашувлари медиа соҳасидаги муаммоларга янгича ечимлар таклиф қила олишини исботлади.
Медиа соҳасидаги бўш иш ўринлари ярмаркаси соҳа эҳтиёжларини ўрганиш учун ўзига хос марказ вазифасини ўтамоқда. Замонавий медиа муҳитда муваффақият қозониш учун доимий ўрганиш ва технологик янгиликларга очиқ бўлиш талаб этилади. Ушбу тадбир орқали талабалар ўз келажакларини белгилаб олган бўлсалар, иш берувчилар соҳани янги босқичга олиб чиқадиган “янги қон” – истеъдодли кадрларни топиш имконига эга бўлди. Зеро, кучли медиа профессионал кадрлар ва замонавий технологияларнинг ўзаро уйғунлиги маҳсулидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА