Наманганда ўқ отиш бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақасининг иккинчи босқичи ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида ўқ отиш спортини оммалаштириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақасининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан 1-Наманган шаҳар ўқув спорт техника маркази ўқ отиш мажмуасида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлардан жами 12 та жамоа қатнашди. Унда 132 нафар спортчи, жумладан, 68 нафар ўғил бола, 64 нафар қиз бола ва 4 нафар параспортчи ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
[gallery-28855]
Беллашувлар ВП-6 ва ПП-3 машқлари бўйича, яъни ҳаво милтиғи ва ҳаволи тўппонча ёрдамида ўқ отиш йўналишларида ўтказилди. Якунларга кўра, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази жамоаси биринчи ўринни эгаллади. 1-сонли Наманган шаҳар ўқув спорт техника маркази жамоаси иккинчи, Тўрақўрғон туман ўқув спорт техника маркази жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида ташкилот масъуллари, шаҳар ва туман ўқув спорт техника марказлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқ ва медаллар топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА