Пахтачилик: замонавий агротехнология – ҳосилдорлик гарови
Тошкент вилояти Бўка ва Оққўрғон туманларида пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда илмий ёндашувни амалиёт билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида ташкил этилган тадбирда фермерлар, агрономлар, туманлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, олимлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда "Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни" асосида ғўза парваришининг бугунги масъулиятли босқичида амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Суғориш ва озиқлантириш тизимини тўғри ташкил этиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, шунингдек, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан ҳар бир дала шароитидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни режалаштириш, сув ва минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш, ғўза ривожланиш босқичларига мос парвариш ишларини олиб бориш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш юзасидан илмий асосланган тавсиялар берилди. Шунингдек, микропластик ифлосланиш, унинг тупроқ унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири, антибиотикларга чидамлилик муаммоси ҳамда ғўза етиштиришда кремний ўғитларини қўллаш бўйича маҳаллий олимларнинг янги илмий ишланмалари иштирокчиларга тақдим этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазири дала ишларини белгиланган муддатларда, сифатли ва илмий ёндашув асосида ташкил этиш, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида амалга ошириш мўл ва сифатли ҳосил етиштиришнинг энг муҳим шарти эканини таъкидлади. Якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олиб, илмий тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашди.

Умуман олганда, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг энг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Жойларда бўлиб ўтаётган бу каби амалий мулоқотлар фермерларга ўз билим ва тажрибасини оширишга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА