Марказий Осиёда ягона
Президентимиз раислигида ўтказилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар, йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида экспорт кўрсаткичлари пастлиги танқид қилинганди.
Ҳақиқатдан ҳам кўп йиллар давомида Ёзёвон тумани экспорт бўйича охирги ўринларда бўлиб келган. Кейинги вақтда бундан хулоса қилинган ҳолда ишлаб чиқилган йўл харитаси бўйича дастлабки қадамлар қўйиляпти. Хитойлик сармоядор Зҳао Зҳенжианг раҳбарлигидаги сувда чўкмайдиган балиқ еми ишлаб чиқарадиган “Хуалонг силлиао” хорижий корхонаси ишга туширилиши бунга бир мисолдир.
Хитойлик инвестор бу лойиҳа учун 10 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди. Корхона йилига 30 минг тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга. 40 та янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, корхона бир йилда 10 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга.

Марказий Осиёда ягона ҳисобланган бу корхонанинг ишга тушириш тадбирига бутун республикадан балиқчи фермерлар келишди. Инвесторга миннатдорчилик рамзи сифатида зар чопон ва дўппи кийдирилди.
Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг афзаллиги шундаки, мазкур ем билан тоза сув ҳавзаларида боқилаётган балиқларнинг касалланиши ва нобуд бўлиши кескин камаяди. Мутахассислар гапига кўра, илгари балиқ учун чиқарилган емлар сувда чўкиб, тез айниб қоларди. Натижада балиқларда касаликка чалиниш ҳолатлар кўп учрарди.
Туроб Ниёз, ЎзА