Пашинян: қўшнилар билан яқинлашув ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши
Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг таъкидлашича, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш мамлакатнинг мувозанатли ташқи сиёсатида муҳим роль ўйнайди.
У шунингдек, Ереван минтақалаштиришни амалга ошириш учун “3+3” форматини янада ривожлантиришга катта аҳамият беришини ва бунга ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади. Қолаверса, Пашинян Саудия Арабистони ва Покистон билан дипломатик алоқалар ўрнатиш муҳимлигини эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, бу соҳа 2026-2031 йилларда янги туртки олади.
Бундан ташқари, бош вазир Арманистон КХШТда фаол ишларни қайта тиклаш учун чоралар кўрмайди, деди. Пашинян ҳукмрон партиянинг сайловолди платформасига киритилган кўп томонлама форматли ҳамкорлик тўғрисидаги қоидаларни тақдим этар экан, шу ҳақда маълум қилди.
– Арманистон БМТ ва унинг ихтисослашган органлари, Европа Кенгаши, ЙХҲТ, МДҲ, Франкофония халқаро ташкилоти ва Европа сиёсий ҳамжамиятининг фаол аъзоси бўлиб қолаверади, - деди у ўлканинг бошқа кўп томонлама форматлардаги иштироки ҳақида гапирар экан. - Арманистон, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик Кенгашига аъзо бўлди ва ўз ишини ушбу форматда давом эттиради.
С.Раҳимов, ЎзА