"Meta" 13 ёшни рақамли чегара қилиб қўймоқдами?
"Meta" компанияси "Instagram" ва "Facebook" платформаларида 13 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни аниқлаш учун янги сунъий интеллект тизимини жорий қилишини айтмоқда.
Таъкидланишича, янги тизим профил эгаларининг суратлари, изоҳлари, шахсий маълумотлари ва постларини таҳлил қилади. Туғилган кун расмларидаги шамлар сони, мактаб синфи ҳақидаги ёзувлар, бўй-баст ва юз тузилиши каби белгилар орқали фойдаланувчининг тахминий ёши аниқланади.
Агар СИ фойдаланувчи 13 ёшга тўлмаганини аниқласа, унинг аккаунти вақтинча блокланади. Ёшини тасдиқлай олмаган фойдаланувчиларнинг барча маълумотлари бутунлай ўчириб ташланади. Бу қарор Европа Комиссияси “Meta” компаниясини ЕИда 13 ёшдан кичик болаларнинг “Instagram” ва “Facebook”дан фойдаланишини етарли даражада назорат қилмаганликда айблаганидан сўнг эълон қилинди.
Оксфорд университети профессори Энди Пжибилский бундай тизим болаларни ҳимоя қилиш билан бирга, уларнинг шахсий маълумотларини кенг кўламда йиғиш хавфини ҳам оширишини айтмоқда.
БМТ Болалар жамғармасининг Германия бўлими томонидан жорий йил апрель ойида ўтказилган сўровга кўра, Берлиндаги 14-16 ёшли ўсмирларнинг 74 фоизи 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашга қарши чиққан.
“Meta” компанияси маълумотига кўра, тизим аниқлаган 13 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг маълумотлари кейинчалик ўчириб ташланади. Шу тариқа компания болалар хавфсизлигини кучайтириш ва платформаларда ёш чекловларига қатъий риоя этилишини таъминлашни мақсад қилган.
Жасмин Бахтиёрова,
ЎзЖОКУ талабаси