Парламент назорати ва криминологик таҳлилни кучайтириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандумнинг асосий мақсади – парламент назорати жараёнларини замонавий илмий-методологик ёндашувлар асосида таъминлаш, қонун ижодкорлиги сифатини оширишдан иборат.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги жиноятчилик омилларини чуқур криминологик тадқиқ қилиш, жиноятлар динамикасини илмий прогнозлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ишларни янада кучайтиришдан иборат.
Меморандум доирасида томонлар жиноятчиликнинг сабаблари ва шарт-шароитларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, криминоген вазиятни баҳолаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, давлат дастурлари, жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни экспертлик жиҳатдан таҳлил қилиш ва уларнинг ижроси юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш кўзда тутилган.
Мазкур Меморандум парламент фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА