Айрим юқори хавфли маҳсулотларга нисбатан янада қатъий талаблар қўйилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун умумий хавфсизлик қоидалари белгиланмоқда. Шу билан бирга, айрим юқори хавфли маҳсулотларга нисбатан янада қатъий талаблар қўйиш кўзда тутилмоқда. Маҳсулотларни хавф даражасига қараб тоифалаш орқали уларни назорат қилиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар бўйича битими талабларидан келиб чиқиб, техник регламентлар халқаро савдода ортиқча тўсиқлар яратмаслиги, маҳаллий маҳсулотлар учун тенг шарт-шароитлар таъминланиши ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш тамойиллари мустаҳкамланган.
Лойиҳага мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Улар маҳсулотнинг талабларга мослигини баҳолаб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши, зарур ҳолларда эса маҳсулотни махсус мувофиқлик белгиси билан тамғалаши шарт бўлади.

Яна бир янгилик — “мувофиқлик презумпцияси” тамойили жорий этилмоқда. Яъни, амалдаги стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хавфсиз деб ҳисобланади. Маҳсулотларни баҳолашда эса унинг бошқа маҳсулотлар билан ўзаро таъсири, фойдаланиш шартлари, аҳолининг турли қатламлари — болалар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалар учун хавфсизлиги алоҳида эътиборга олинади. Масалан, болалар маҳсулотларида уларнинг ёшига нисбатан мувофиқлиги кўрсатилади.
Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун аниқ ва шаффоф хавфсизлик талабларини белгилашга, иқтисодий операторлар масъулиятини оширишга ҳамда хавфли маҳсулотлар бозорга кириб келишининг олдини олишга хизмат қилади. Бозор муносабатларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамаларда бир қатор фикрлар ва соволлар ўртага ташланди. Жумладан, депутатлар томонидан айрим маҳсулотларга нисбатан техник регламентлар мавжуд эмаслиги таъкидланиб, регламент ишлаб чиқишга қўйилган қатъий талаблар тадбиркорлар манфаатларига таъсир қилмайдими, деган савол кўтарилди.
Бунга жавобан масъуллар томонидан қайд этилганидек, амалиётдаги ҳолатлар таҳлил қилинганда 6,7 минг турдаги маҳсулотлар тартибга солинмаган. Шундан келиб чиқиб, улар бўйича техник тартибга солиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.
Лойиҳадаги нормалар натижасида истеъмолчиларни ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилиб, уларнинг маҳсулотларга бўлган ишончи мустаҳкамланади. Шунингдек, халқаро стандартларга мос тизимнинг жорий этилиши миллий бозор рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА