Парламент ассамблеяси мажлисида Танзила Норбоева муҳим ташаббусларни илгари сурди
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Осиё Парламент Ассамблеясининг 15 - мажлиси бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Дунёнинг 30 га яқин давлати парламентлари вакиллари қатнашган анжуманда "Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламент дипломатиясининг ўрни" мавзуси кенг муҳокама қилинди.
Ассамблеянинг асосий йиғилишида Сенат Раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, парламент дипломатияси, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ҳамда экологик хавфсизлик ва иқлим ўзгаришлари масалалари борасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш каби бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

– Ассамблеяда Ўзбекистон парламентининг минтақавий ва халқаро муносабатларни кенгайтиришда муҳим ташаббусларни илгари суриш ва халқаро тадбирларни ташкил этишдаги фаол роли алоҳида таъкидланди, – дейди Т.Норбоева. – Парламентлараро Иттифоқнинг 150 - юбилей Ассамблеяси жорий йилнинг 5 - 9 апрель кунлари Марказий Осиё тарихида илк бор Тошкент шаҳрида ўтказилиши ҳам бунинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Нуфузли анжуманда юқори даражада эришилган келишувларни амалга оширишда, қонунларни қабул қилиш бўйича тажриба алмашишда парламентлараро фаол ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА