“Ўзтўқимачиликсаноат” вакиллари халқаро форумда иштирок этди
Бугун Москва шаҳрида Россия дизайн индустриясининг IV форумининг якуний тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли тадбир давлат ташкилотлари, бизнес доиралари, таълим муассасалари ҳамда профессионал ҳамжамият вакилларини бир майдонга жамлаб, соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланди.
Форум доирасида дизайн индустрияси ва тўқимачилик соҳасининг бугунги ривожланиш тенденциялари, инновацион ёндашувлар ҳамда истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Хусусан, ишбилармонлик дастури тўқимачилик саноатини узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси, саноат дизайнини такомиллаштириш, шунингдек, илм-фан ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
Эътиборли жиҳати, унда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакиллари ҳам фаол иштирок этяпти. Уларнинг иштирок этиши Ўзбекистон тўқимачилик саноатида тўпланган тажриба ва салоҳиятни халқаро майдонда намоён этиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан янги алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Форум иштирокчилари соҳани ривожлантиришга доир стратегик масалалар, замонавий дизайн ечимлари ва брендларни глобал бозорга олиб чиқиш механизмлари бўйича фикр алмашди.
Уюшма ахборот хизмати қайд этганидек, ушбу анжуман доирасида олинган тажриба ва муҳокама қилинган илғор ёндашувлар Ўзбекистонда тўқимачилик ва саноат дизайни соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА