Она меҳридан айрилган гўдак Нурафшондан топилди
Тошкент вилоятида оилавий низолар сабаб сарсон бўлган она ва бола тақдири қонун ва МИБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан ижобий ечим топди.
Воқеа тафсилотларига кўра, фуқаро С.А. турмуш ўртоғи Ш.Ю. билан келиб чиққан келишмовчиликлар ортидан яшаб турган хонадонини тарк этишга мажбур бўлган. Бироқ ота гўдакни онасига бермасдан, фарзанд меҳри орқали ўз аёлига босим ўтказишга уринган. Она ўз ҳуқуқларини тиклаш ва фарзандини қайтариш илинжида Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига мурожаат қилди. Суд гўдакнинг она парваришига ўта муҳтожлигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантирди.
Мажбурий ижро бюросининг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан 2025 йилда туғилган вояга етмаган О.Ш.ни онаси тарбиясига олиб бериш юзасидан ижро ҳаракатлари бошланди. Давлат ижрочисининг қонуний талаблари ва тушунтиришларига қарамай, ота фарзандини топширишдан бош тортиб, уни номаълум манзилга яшириб қўйди.
Вазият кескинлашгач, 2025 йил 24 октябрь куни болани қидириш тўғрисида қарор қабул қилинди. МИБ Тошкент вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси ходимларининг тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида гўдак Нурафшон шаҳрида, яқин қариндошларининг уйида яшириб келинаётгани аниқланди.
Айни пайтда фарзанд онаси бағрига қайтарилган. Узоқ айрилиқдан сўнг она ва боланинг дийдорлашуви таъминланди, суд қарори ижроси тўлиқ амалга оширилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА